ИСТИБДОД – ИСТИҚЛОЛ – ИСТИҚБОЛ

0
510

Ўзбекистонимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – мустақилликнинг йигирма етти йиллик шодиёналари арафасида турибмиз. Халқимизнинг сўнгги чорак асрдаги улкан ютуғи, маънавий жасоратининг ёрқин ифодаси бўлган истиқлол айёми кўзлару кўнгилларга сингиб бормоқда. Бир неча йиллар олдин майдонга чиқиб, мана шу эл каттаю кичигининг шиорига айланган муборак каломни яна бир бор эсламоқни жоиз деб билдим: Бу байрам барчамизники, бутун халқимизники!
Аждодлармизнинг асрий армонлари ўлган, Туркистон осмонига қуёш қайтадан кулиб тўлган кун бу кун. Бухорийларнинг шаъну шавкати қайта тикланишига тамал тоши қўйилган, башарият тарихидаги адолатли подшоҳлардан бири Амир Темур ўз авлодларига танитилишига имкон яратган, Навоийларни бирёқлама ўрганишдан воз кечилган, ёппасига саводсиз дейилган миллат бутун олам учун қандай улуғ зотларни тарбиялаб бергани ва бера олишини исбот этишга замин ҳозирлаган, миллатнинг асл фарзандлари “халқ душмани” эмаслиги, аксинча миллий тараққийпарварлар, миллатнинг йўлчи юлдузлари бўлганлигини англатиб қўйишга имкон берган кун… Мустақилликнинг бу каби музайян ютуқларини санаб адоғига етиб бўладими? Бўлмайди!
Мен деярли истиқлол билан тенгдошман. Халқимиз учун оғир кечган қарийб бир ярим асрлик тарихнинг бирор йилига ҳам гувоҳ эмасман. Лекин раҳматли бувим Мастон Йўлдошоҳун қизининг болалигимда айтиб берган ҳикоялари ҳали-ҳали қулоғим остида “Муножот” куйидек тўлқинланади. Кино тасмасидек кўз олдимдан ўтади. Мактаб ёшимга етмаёқ бувим айтиб берган “чўпчаклар”дан сабоқ олар эдим. У пайтларда қизиқиш билан тингланган воқеа-ҳодисалар бугун ёдимга тушса, ўйланиб қоламан. Чиндан ҳам метин бардошли боболарнинг, момоларнинг авлоди эканлигимизга фаҳрланиб ҳам қўяман. Лекин бувимнинг “эртаклари” эртак бўлиб қолишини, қайта воқеликка айланмаслигини истайман.
Йўлдошоҳун бобомиз колхознинг йилқисини боқар экан. Қизлари, яъни менинг бувим оталарининг ёнига борса, кўмач пишириб берар эканлар… Кўмачнинг қўрга кўмилган ҳамир эканлигини бугунги авлод ё билади, ё билмайди.
Бир куни ҳолаваччаси билан бозорга қаймоқ ва бир ҳовуч қоқи сотгани боришибди. Қимматчиликнинг авжи экан у вақтлар. Бозорда сотувчию харидордан ўғри кўп экан. Қарангки, қаймоқни бир ўғри қўлдан илибдию, эгаси етиб боргунича еб битирибди. Ана холос. Бувимнинг мана шу ҳикояси менинг энг яхши кўрган “эртагим” эди. Бозорга икки дугона акаларининг армиядан қайтаётгани боис қаймоқ ва қоқини сотиб пулига бир дона нон олишмоқчи бўлган. Қоқини юрак ютиб қўйниларидан чиқаришолмаган. Уйга қайтариб олиб кетишган.
Бувимнинг ёшлигида, ўспирин пайтлари бўлса керак, колхоз ҳамма хонадондан ишга яроқли қиз-жувонни Шаҳрихонга жўхори қайришга мажбур олиб борган. Ҳакандан Шаҳрихондаги қайсидир колхозга пиёда боришган. Ишчиларга ҳар куни биттадан нон беришар экан. Бувим Мунисхон деган ўртоғи билан ёнма-ён ишлар, ноннинг биттасини олиб қўйишиб, бирини тенг бўлиб ейишар экан. Нега бундай қилганликларини қизиқиб сўрасам, уйдагилар ҳам оч ўтирганилини, қотган нонларни олиб кетганликларини сўзлар эди…
Мен Мастон бувим айтиб берган тарихнинг уч кичик эпизодини эсладим, ҳолос. Тўғри, булар бир неча ўн йиллик кечмишни ёзиш учун китобдан жой ажратилса, нуқтадек жой эгаллайди. Аммо ўтмишга мана шулар орқали ҳам баҳо беришга ҳақли бўлсак, мустабид замон халқни ҳақсиз ташлаб қўйганига гувоҳ бўламиз.
Она Ватанимизни озод қилиш истаги миллат маърифатпарварларининг орзуси эди. Беҳбудий таъбири билан айтсак “ҳақ олинур, берилмас” дея қонлар кечиб ҳаракат қилдилар. Натижаси эса бугун ҳаммага маълум. Яна маълум бўлган ҳақиқатлардан Жаҳон уруши талофатлари, эллигинчи йилларнинг қатағон сиёсати, мустақиллик арафасидаги “ўзбек иши”, “пахта иши” каби туҳматлар ва ҳоказоларни эслаб ўтмасак бўлмас. Мана шу ўринда истиқлол аввалини назмга солишга ҳаракат қилдик.

Мен кўрган эмасман мустабид замон,
Ҳийлагар тузумнинг маккор ўйнини.
Билганим, тўлдирган алдовлар билан
Пучак ёнғоқларга элнинг қўйнини.

Ҳа, мен турганим навбатга нон деб,
Кунжарадан шишган мен эмас бобом.
Ўзи далаларда ёвғон ичиб-еб,
Меҳмонга тутмайиз қўяркан момом.

Отлар туёғидан ўчди ўт, учқун,
Мажбурий меҳнатга жўнади эрлар.
Ҳаммани барбобар қул қилмоқ учун
Бутун бой-боёндан тортилди ерлар.

Аждодлар шавкатин яшириб тамом,
Саводсиз миллат деб урдилар тамға.
Замбарак заҳмида бош эгди авом:
“Тинчлик ярашқуси бутун оламға”.

Эгилмас бошларни қамоқлар кутди.
Эгилмас бошларни ёндирди чўғлар
Эгилмас бошларни сибирлар ютди,
Эгилмас бошларни тешди-ку ўқлар.

Бунчалар бардошни қайдан олган эл,
Бунча метин экан бу элнинг жони.
Оналар кўзёши бир умрга сел:
Баҳодирлар бўлди уруш қурбони.

Ўғлин ўлдирганнинг малласоч қизин
Асраб олганларни кўрганми олам?!
Ёғий ўғли билан сўнгги майизин,
“Олий ирқ”дагилар кўрганми баҳам?!

Яна “душман” бўлди миллат гуллари,
Яна ўрмонларга керак бўлди қул.
Сувга зор эмасди юртнинг чўллари,
Орол ҳолдан тойиб қуриди буткул!

Олтин тўла вагон пишқириб, шошиб
Олис манзилларга йўл олгани чин.
“Ҳай”га хўжаси йўқ ҳаддидан ошиб,
Пора деди халқнинг покиза ишин.

Пахтадайин оппоқ юракли одам
Ёлғонни, алдашни билмас, албатта.
Қўшиб ёзган дея туҳмат урди ҳам,
Амалда тўқсону, юз экан хатда…

Бувим айтиб берар тонг улаб тунга,
Ўтмишимиз мағзи бунчалар тахир.
Мен тинглаб йиғлаган кечаги кунга
Она халқим қандай чидаган, ахир!…

Ўша буюк бардош эгаларига
Ҳар ўзбек номидан айтаман раҳмат.
Энди шу элатнинг эркаларига
Истиқлол ёр бўлсин абадул-абад!

Озод ва обод мамлакатнинг оддий бир фуқароси, заҳматкаш элнинг ўғли сифатида айтишим мумкинки, ёши улуғлардан эшитганларимни ўзимнинг мисолимда ҳозирги давр билан таққослайдиган бўлсам, мен бахтлиман! Мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юрти бўлган Ўзбекистон Миллий университетида давлат гранти асосида таҳсил олдим. Талабалик йилларимда “Ёшлик” шаҳарчаси “Маънавият ва маърифат” маркази “Ижодкор ёшлар клуби”ни бошқардим, бир муддат “Тил ва адабиёт таълими” журналида, Тошкент давлат техника университети қошидаги академик лицейда фаолият олиб бордим, 113-сонли мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бердим. Кейинчалик истиқол туфайли кўркам ва шинам масканга айланган, замонавийлик ва қулайликда жаҳоннинг етакчи олийгоҳлари билан бемалол белашша оладиган Андижон давлат университети докторантурасида таҳсил олмоқдаман. Шуларни мустақиллик байрами баҳонасида ўйлар эканман, “Кеча ким эдику, бугун ким бўлдик?” саволга жавоб топгандек бўламан.
Ва яна истиқлол туфайли истиқболим порлоқ эканлигидан шукроналар айтаман. Менинг кичик бир ижодим халқим маънавияти учун хизмат қилишига ишонаман. Етиштиражак шогирдларим эса эл-юрт манфаати учун, Ватанимиз тараққиёти учун керакли инсонлар бўлиб улғайишига умид боғлайман.

Билим юрти услубий
бирлашма раиси
Ўткирбек Мадумаров

Load More In МАҚОЛАЛАР