МАҚОЛАЛАР Жаннат аҳлининг сифатлари 18 апреля, 2024 0 44 Усома ибн Зайд ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом асҳобига: «Жаннатга шошилаётганлар борми, жаннатда хатар йўқ?! Каъбанинг Раббига қасамки, жаннат порлаган нур, (хуш ифор таратиб) чайқалиб турган райҳон, мустаҳкам қалъа, тўхтовсиз оқаётган дарё, мўл-кўл ва ғарқ пишган мева, ёпинчиқлар ўранган чиройли аёл, абадий мақомдаги неъмат, салим, кўркам, баланд диёрдаги бир жилвадир» – дедилар. – Биз у жойга шошяпмиз, эй Оллоҳнинг расули, дейишди саҳобалар. – «Иншааллоҳ» денг, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом ва Оллоҳ йўлида курашни эслатдилар ва унга ундадилар» (Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти). Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: – Мен отни яхши кўраман, жаннатда ҳам от бўладими? – дея сўради. – Отни яхши кўрсанг, сенга қизил ёқутдан бўлган от берилади. У от сен билан жаннатнинг истаган ерига учиб боради, – деб жавоб бердилар Пайғамбар алайҳиссалом. – Мен туяни яхши кўраман, жаннатда туя бўладими? – сўради бошқаси. – Эй Оллоҳнинг бандаси! Агар жаннатга кирсанг, кўнглинг у ерда нимани тусаса, кўзингни нима қувонтирса, у сеникидир, – дедилар Пайғамбар алайҳиссалом» (Термизий ривояти). Манбалар асосида билим юрти мударриси Нодирбек домла Жамолов тайёрлади.