ЖУМЪАДАН ОЛДИНГИ ВА КЕЙИНГИ СУННАТ НАМОЗЛАР – 1

0
189

Баъзи одамларнинг жумъадан олдинги ва кейинги суннат намозларини ўқимайдилар. Хўш, бу ҳақида мазҳабимизда нималар дейилган?

Бу гап олдин масала сифатида кўтарилмас эди. Ҳамма ҳанафий мазҳаби китобларида келган таълимотлардан ўрганиб мазкур, жумъанинг суннатларини ўқир эдилар. Аммо бундан йигирма йиллар аввал ўлкамизга турли сабабларга кўра бемазҳаблик деган бало кириб келди. Кирганда ҳам одамларнинг нозик жойидан турган ҳолда кириб келди. Биз Қуръон ва Суннатга амал қилишимиз керак деган чақириқ билан кириб келди. Бемазҳаблар баъзи кишиларни Қуръон ва Суннатга амал қилиш даъвоси билан ўзларига ром қилиб олганларидан кейин Қуръон ва Суннатга амал қилмаслик мисли йўқ катта гуноҳ эканини сингдирдилар. Аммо уларга Қуръон ва Суннатга амал қилишни ўргатиш ўрнига Қуръон ва Суннатга қарши иш сифатида фиқҳий мазҳабларни ёмонлай бошладилар. Биз, дейишар эди, улар Қуръон ва Суннатга амал қилишимиз керак, Абу Ҳанийфанинг гапига эмас!

Бемазҳабларнинг вакиллари Ҳанафий мазҳабининг қоралаш учун у мазҳаб олмаган, аммо бошқа мазҳабдаги бор гапни, Суннатда бундай бўлса ҳам, ҳанафийлар бу ҳукмни олмай, ўзларининг гапни одамларга шариатнинг ҳукми деб суқиштиришган дейишар эди. Мисол учун, намозда, “Фотиҳа” сураси қироатидан кейин “омийн”ни овоз чиқариб айтиш. Уни бошқа мазҳаблар олган. Аммо фиқҳий мазҳабларнинг барчаси нотўғри дейишларига қарамай бемазҳаблар бу масалада фақат ҳанафий мазҳабини танқид қилишарди. Бошқа масалаларда ҳам шу гапни такрорлаш мумкин. Яъни, фиқҳий мазҳаблар бир масалада бир неча далил келиб, улардан баъзисини бир мазҳаб, бошқасини иккинчи мазҳаб олган бўлса, бемазҳаблар ўзлари билмаган нарсани Суннатга хилоф деб эълон қилишар эди. Бу нотўғри, Суннатда бундай дейилган, дейишар эди. Аммо ўша улар Суннатда бор деган гапни бошқа фиқҳий мазҳаб минг йилдан кўпроқ вақт олдин амал қилишни бошлагани ҳақида лом – лим демасдилар.

Кези келганда айтиб ўтиш керакки, бемазҳаблар ўзлари намоз ўқишни мазҳаб уламоларидан ёки уларнинг китобидан ўрганишган бўлади. Агар уларга мазҳабдагидан бошқача алоҳида Қуръон ва Суннатга асосаланган намозни бизга кўрсат дейилса, бирор нарса дея олмайдилар. Бошқа масалалар ҳам ҳудди намозга ўхшайди. Бемазҳабларнинг гапи қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб туради.

Биздаги бемазҳаблар асосан ўзларининг четдаги “устоз”ларининг кўрсатмаси ва гаплари асосида иш юритадилар. Аввал улар берилган кўрсатма асосида ҳанафийлар ҳужжат далилсиз ўзининг гапни шариат дейишади, деган гапни тинмай такрорладилар. Уламоларимиз ҳужжат далилларни келтирганларидан кейин, энди, ҳадис заиф дейишга ўтдилар. Аввал айтиб юрган гаплари учун, биз билмаган эканмиз ҳанафийларнинг ҳар бир шаръий ҳукмга Қуръон ва Суннат, Ижмоъ ва қиёсдан далиллари бор экан, дейишга ярашмади. Ҳудди билмагандек, фалончи ҳадис заиф экан дейишга ўтишди ва сизнинг саволингизга ўхшаш саволларни беришга ўтишди. Майли, бу ҳам бир услуб.

Бизнинг мазҳабимизнинг фиқҳий матн китобларининг барчасида “Жумъадан олдин ҳам, кейин ҳам бир салом билан тўрт ракъат намоз ўқиш суннатдир” деган ибора қатъий тарзда ёзиб қўйилган.

Аслида, жумъадан кейин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб олишга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни тарғиб қилганлар. Жумладан, “Сиҳҳоҳи ситта”дан “Саҳиҳи Бухорий”дан бошқасида Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай буюрганлар:

“Қачон жумъадан сўнг намоз ўқимоқчи бўлсангизлар, бас, тўрт ракъат ўқинглар. Агар бирор нарса сени шошилтирса, бас, масжидда икки ракъат ва (уйга) қайтганингда икки ракъат намоз ўқигин!”

Мазкур ҳадиси шарифдан жумъадан сўнг тўрт ракъат намоз ўқишнинг таъкидланган суннатлиги чиқмоқда. Шунингдек, ўша тўрт ракъат намозни масжидда ўқишга ҳам ишора қилинмоқда. Агар бирорта кимса шошилаётган бўлса, у ҳеч бўмаганда масжидда икки ракъат ўқиши, уйига борганидан сўнг қолган икки ракъатини ўқиб олиши ҳам буюрилмоқда. Яъни, ўша аслан тўрт ракъат бўлган суннатни шошилган тақдирда ҳам қолдириб бўлмаслигини ўқувчилар англаган бўлса керак. Яна ҳадиси шарифдан шу нарса англанмоқдаки, жумъанинг суннатини жумъа ўқиганларнинг ҳаммаси ўқиши лозим, фақат шошилаётганлар бундан истисно қилинди, яъни, шошилган кимса шу тўрт ракъатни масжидда ва уйида бўлиб ўқийди. (давоми бор….)

Р.Уринбаев,

“Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Load More In МАҚОЛАЛАР