МАҚОЛАЛАР КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК! 20 июня, 2020 0 407 КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛАЙЛИК! Жорий 2020 йил бутун дунё халқи қатори биз учун ҳам улкан синовли йил бўлди. Дунё бўйлаб тарқалган COVID-19 вируси барча мамлакатлар ва инсониятни қийин имтиҳондан ўтказмоқда. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимизда олиб борилаётган самарали ишлар ортидан юртимизда карантин чоралари аста-секин юмшатилмоқда. Шу муносабат билан Республика махсус комиссияси хулосасига кўра қатор фаолият турларига рухсат берилди. Жумладан, фақат «яшил» ҳудудлар сирасига кирувчи масжидлар фаолиятини бошлаш ва ушбу масканларда санитария чоралари кўрилиши маълум қилинди. Шукрлар бўлсинки, «яшил» ҳудуд тоифасидаги туман ва шаҳарларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда масжидларда ибодатларга рухсат берилди. Мухлис халқимиз қалбига хурсандчилик кирди. Қарийб уч ой давомида жамоатдан холи бўлиб қолган масжидларимиз мўмин-мусулмонларни қайта бағрига чорлади. Дарҳақиқат, бу дамлар интиқлик билан кутилганди. Сабр-тоқат ила қилинган дуо ва илтижолар ижобат бўлиб, масжидлар эшиги очилди. Бироқ ҳали касаллик хавфи тугамагани, шу боис бир қатор карантин талаблари амалда эканини унутмаслик лозим. Бу ҳақда “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёноти”да ҳам таъкидланди. Фурсатдан фойдаланиб, баёнотда қайд этилган айрим жиҳатларга эътибор қаратишни ва яна бир карра карантин қоидаларини эслатиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз: – Ҳар бир намозхон тиббий ниқобда бўлиши ва масжидга киришда қўлларини антисептик воситасилар билан зарарсизлантириши лозим! – “Худони айтгани бўлади-да!” деб сабабларни бажармаслик мўминга хос иш эмас. Зеро, касаллик хавфи туғилиб турган бир вақтда масжидга чиқишда тиббий ниқобда бўлиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш касалликни олдини олиш борасида кўрилган сабаблардан бири демакдир. Ўтган улуғларимизнинг ҳам бу борада гўзал насихатлари бор: “Асрамаса даво йўқ, асраганга бало йўқ”. – Масжидда қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашилмайди! Демак қисқача қилиб айтганда ўзимизни ва ўзгаларни соғлиғига эътиборли бўлимиз даркор. – Расман рухсат берилгунга қадар жума намозлари ташкил этилмайди! – Шуни ёдда тутмоқ лозимки, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ айни вақтда карантин мезонларига амал қилган ҳолда “яшил” ҳудуд тоифасига кирувчи масжидлардагина ибодатлар адо этилмоқда. “Сариқ” ва “қизил” ҳудудларда эса карантин талаблари ўзгаришсиз қолмоқда. “Яшил” ҳудуд тоифасига кирувчи ҳудудларда кимдир кунлик намозларни масжидда адо этиш бахтига муваффақ бўлиб турган пайтда бошқалар сабрда давом этмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини сабрга чақириб “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилган. Ҳали булар ҳам ортда қолади, инша Аллоҳ. Илоҳо, тез фурсатларда касаллик хавфи бутунлай чекиниб, масжидларимиз жамоат ила тўлиб, жума намозларини ҳам жамоат бўлиб адо этишни барчамизга насиб қилсин! Равшанбек Ўринбоев “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси