МАҚОЛАЛАР Кимки менинг суннатимни маҳкам тутса, у менга яқиндир. 28 мая, 2018 0 526 Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни улуғ саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида улар ўртасида узоқ суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат сўнгида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалга: “Эй Муоз, эҳтимол, сен билан қайта кўришмасмиз”, – дедилар. Ҳазрати Муоз ибн Жабал таъсирчан инсон бўлганлари туфайли бу сўзлардан ўзларини йўқотиб қўйдилар. Анчагача сўз тополмай, зўрғагина: “Энди кўришмаймизми, эй Аллоҳнинг Расули?” – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам маюс бир оҳангда: “Шундай деб қўрқаман”, – дедилар. Бу сўзлардан сўнг Пайғамбарлар бежизга бир гапни айтмаслигини яхши билган саҳобанинг қайғуси янада зиёда бўлди ва Расулулллоҳдан ажрагиси келмай қолди. Улар анчагача жим қолишгандан сўнг бирдан Пайғамбаримизнинг муборак юзлари ёришиб кетдилар ва: “Эй Муоз, бизнинг жисмимиз яқин бўлмаса-да, лекин бизни яқин қиладиган бир иш бор. Кимки менинг суннатимни маҳкам тутса, у менга яқиндир. Сен менинг суннатимни маҳкам тут, шунда биз яқин бўламиз”, – дедилар. Буюк ислом олими Муҳаммад Шафе Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен шу ҳадисни тасдиғини кўрдим”, – дейдилар. Ва қуйидагиларни айтиб бердилар: “Мадинаи Мунавварага борганимда равзаи мутоҳҳарада икки ракат намоз ўқиб бўлгач, Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту салом айтиш учун у томонга юрдим, қарасам, одамлар қабр олдига тўсиб қўйилган панжарага ўзларини урар, ҳамма у зот томон интилар эди. Мен эса бир устуннинг олдида туриб салоту саломларимни йўлладим. Лекин шу пайт менинг хаёлимга эй Муҳаммад Шафе қара, оддий одамларнинг муҳаббати қанчалик, улар ўз Пайғамбарларига интилмоқда. Сен шунча ўқиб ҳам оддий одамларчалик муҳаббат қилмаяпсан, одамлар ўз Пайғамбарларига интилса-ю сен бир четда қараб турсанг, деб ўз ўзимдан нолиб турганимда ногоҳон жаноби Расулуллоҳнинг қабрларидан овоз келди: “Кимки бизнинг суннатимизни маҳкам тутса, у бизга яқиндир, агарчи панжарамизга яқин келолмаса-да. Кимки бизнинг суннатимизни тутмаса, у биздан узоқдир агарчи панжарамиз олдида бўлса ҳам”. Шундан сўнг қалбим таскин топди ва йўлимда давом этдим”. Бу сўзлардан кейин ҳар бир мўмин ўзи билган суннатни маҳкам тутишга, билмаганини сўраб суриштириб, ўқиб ўрганишга киришмоғи лозим ва лобуддир. Зеро, ҳар бир мўмин Пайғамбаримиз алайҳиссаломга яқин бўлишни ўзи учун шараф деб билади. Аллоҳ барчаларимизни суннатни маҳкам тутувчилардан ва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни суюкли умматларидан қилсин. Омин. Билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов