КИЙИНИШ ОДОБЛАРИ

0
8

Ислом шариати бутун инсоният учун барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эриштирадиган қонун-қоидаларни жорий қилган. Инсоннинг ҳаётидаги энг муҳим ишлардан бири бўлганлиги учун шариатимизда кийиниш одоблари ва либосларга тегишли бўлган алоҳида ҳукмлар жорий қилинган.

 

Аллоҳ таоло кийимларимиз ҳам бизларга Ўзи  томонидан бир неъмат эканлигини билдириб, дейди: (Аъроф 26)

 

يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْءَاتِكُمْ وَرِيشًا وَلِبَاسُ التَّقْوَىَ ذَلِكَ خَيْرٌ

 

“Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ тақво либосидир”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “ Албатта, Аллоҳ таоло бандаси устида берган неъмати асарини кўрмоқни севади”.

 

Сарвари коинот, рисолат паноҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийган либослари ҳақида бир нечта саҳобаларнинг ҳадислари бор ва қандай кийимларни кийишлик ҳақида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча муборак сўзлари мавжуд. Шулар ҳақида тўхталиб ўтсакда, ва ўзимизнинг кийинаётган кийимимиз билан солиштирсак. Ва кийинаётган кийимларимиз ва либосларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқми?

 

Уламои киромларимиз инсон киядиган либосларнинг ҳукми ҳақида сўз юритганлар.

 

  1. Фарз — Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтардиган кийимдир. У пахта ёки канопдан, ўта нафис билан ўта ёмонни ўртасида бўлиши керак.

( Албатта қадимги фақиҳларимиз бу гапларн ўз шароитларидан келиб чиқиб айтганлар.)

  1. Мустаҳаб — Бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир.
  2. Мубоҳ – бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.
  3. Макруҳ – бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийимдир.
  4. Ҳаром – бу авратни тўсмайдиган ҳамда, эркаклар учун шойи – ипак кийимлар.

 

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: » فأصلحوا رحالكم وأحسنوا لباسكم حتى تكونوا كأنكم شامة في الناس فإن الله عز وجل لا يحب الفحش ولا التفحش».

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “ Уловларингизни салоҳиятли безанг, кийимларингизни чиройли қилинг тоинки инсонлар орасида намуна бўлинг. Чунки албатта, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, уятсизлик бузуқликни ҳам яхши кўрмайди”.

 

عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : من لبس الحرير في الدنيا فلن يلبسه في الآخرة

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким бу дунёда ипак кийса, охиратда уни киймас”. Бу ҳадиси шариф билан эркак киши учун ипак кийимлари кийишлик ҳаромлиги билинади. Чунки охиратда ипак кийим кийиш жаннати бўлишнинг рамзидир.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, уни номини айтиб, масалан кўйлак, ёки салла ёки чопон деб, сўнгра “ Эй Аллоҳим! Сенга ҳамда бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, дер эдилар.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Саид Афзалхон домла Зикиряев

Load More In МАҚОЛАЛАР