МАҚОЛАЛАР Коррупция – таълимдаги ислоҳотлар кушандаси 6 декабря, 2025 0 139 Коррупция – таълимдаги ислоҳотлар кушандаси Ҳар қандай жамият ўзининг ривожланиши жараёнида турли муаммоларга дуч келиши табиий жараён сифатида қаралади. Ислоҳотлар ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, камчиликлар аниқланган соҳани янги сифат босқичига олиб чиқишни назарда тутади. Бироқ қайси жамиятда коррупция иллати авж олган, хусусан, таълим соҳасига кириб борган бўлса, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўзланган натижа сари одимламайди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, мазкур иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш йўналишида чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятимизда манфур иллатга қарши курашишда алоҳида ўрин эгаллади. Шунингдек, жорий йилнинг 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасида “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш” мавзусида ўтказилган йиғилиш ҳам мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилиши керак бўлган ишлар талайгина эканини кўрсатиб берди. Башариятни икки дунё саодатига йўлловчи муқаддас динимиз таълимотида порахўрлик қаттиқ қораланади. Чунки у инсонлар орасини бузувчи, жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи, ҳақ-ҳуқуқларнинг аралашиб кетишига, поймол бўлишига сабаб бўлувчи иллат ҳисобланади. Бу борада Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, олувчини ҳам лаънатладилар”, дейилади. Энди мазкур иллат инсонга дунёда азизлик, охиратда шараф келтирадиган илм соҳасида бўй кўрсатиши бутун миллатни инқироз сари етаклашида шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, ватандошларимиз қалбида бундай иллатга қарши муросасизлик, нафрат туйғуларини уйғотиш, унинг келажагимиз заволи эканини тушунтириш, онгли равишда бундай “ажал”ни жамиятимиздан таг-томири билан қўпориб ташлаш пайти келганини уқтириш ва бу борада шахсий намуна кўрсатиш барчамизнинг долзарб вазифамиздир. Таълим муассасаси ходими — Ҳўжамов Зоҳиджон