МАҚОЛАЛАР ЛИБОС — МАЪНАВИЯТ КУЗГУСИ 28 мая, 2022 0 812 Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади «Эй, Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда. Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади. Маълумки инсоннинг кийиб олган кийими унинг дунёқараши ва маънавиятини номоён қилиб турадиган воситадир. Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Ҳаё – уялиш ва ор маъносидадир. Ислом атамасига кўра ҳаёнинг бошқа бир таърифи; мункар (ёмон ва ҳаром)дан чекинмоқ, узоқлашмоқ, қочмоқ ва инсон ўз-ўзини айбламоғидир. Уялмоқ – нотўғри хоҳишдан тийилмоқдир, шариат таъқиқлаган иш-ҳаракатлардан тўхтамоқ ва хижолат бўлмоқ туйғусидир. Уялиш туйғуси инсонни яхшиликка йўллаб, ёмонликдан қайтарувчи бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг бир булаги деганлар. Инсоннинг кийган кийими унинг ички оламига, яъни маънавияти ва хулқ-атворига ҳам таъсир қилади. Мисол учун аскарнинг кийимини кийган киши ҳудди аскарлардек қадам ташлаши ва ўзини тутишидаги ўзгаришларни келтиришимиз мумкин. Исломнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилди. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина киядилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди. Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Исломда кийиниш фақат одамлар учун эмас, балки Аллоҳ таъолонинг розилиги учун ва У зотдан ҳаё қилгани учун ҳам кийиниш одобларига риоя қилиши даркордир. Ҳуллас кийиниш одобларига риоя қилиш инсоннинг ташқи кўриниши билан бирга маънавиятини ҳам гўзаллаштирадиган воситадир. Бизнинг диёрларда азал-азалдан кийиниш одобларига қаттиқ риоя қилиб келинган. Ота-боболаримиз ва буви-момоларимиз ҳаё ва иффат бобида етук ҳислатларга эга инсонлар бўлишган.Энди бугунги кун авлоди биз ҳам динимизга ва қолаверса ота-боболаримиз ва буви ва момоларимизга эргашган ҳолда ўз маънавиятимиз ва маданиятимизни сақлаб қолишимиз лозим. Акрамхон Суяров, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси