МАҚОЛАЛАР Маънавий меросни асраш – муқаддас бурч 7 декабря, 2018 0 562 Ҳар бир фуқаро давлат билан ҳуқуқ ва бурчлар орқали чамбарчас боғланган. Инсон ўз ҳаёти давомида фойдаланиб яшайдиган, давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлари билан бир қаторда, давлат, жамият ва келажак авлодлар олдидаги бурчларнинг ҳам мавжудлиги қонунлар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг VI, VII, VIII боблари фуқароларнинг шахсий, сиёсий ҳамда иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларига бағишлангани ҳолда, унинг IX бобида фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари ҳақида сўз боради. Жумладан, Конституциямизнинг 49-моддасида: “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, деб белгилаб қўйилган. Тарихий обидаларимиз, архитектура ёдгорликлари, музей, турли фондларимиз ва уларда сақланаётган экспонатлар, архив материаллари, бадиий ва мусиқий меросимиз, халқимизнинг оғзаки ижодиёт намуналари, шунингдек, буюк мутафаккир аждодларимизга тегишли улкан илмий ва маданий мерос ана шулар жумласидандир. Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг “Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция”, “Қуролли можаро чиққан ҳолда маданий бойликларнинг ҳимоя қилиниши тўғрисидаги конвенция” каби халқаро ҳуқуқий ҳужжатларини қабул (ратификация) қилди. Бу Ўзбекистоннинг маънавий меросни асраш масаласини нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам қўллаб-қувватлашидан далолат беради. Маънавий меросни асрашнинг самарали йўлларидан бири-бу, шубҳасиз, уни илмий асосда ўрганиш ва ёшлар оммасига тақдим қилишдир. Халқимизнинг маданий ва маънавий меросини асраш, янада бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш ҳар бир даврнинг долзарб масалаларидан биридир. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абдулло Ғуломов