МАҚОЛАЛАР МАРҲУМЛАРГА ТИЛОВАТ САВОБИНИ БАҒИШЛАМОҚ 18 ноября, 2022 0 45 Тирикларнинг савобли амалларидан марҳумларга манфаат борлиги ҳақида Ўзбек халқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан хонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида халқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятлари нафақат марҳумларга, ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар қилган яхши ишларнинг савоби албатта марҳумларга етиб боради. Бу эътиқод халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб хонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир. Аммо кейинги пайтларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, Қуръ-он ўқиб, савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ эмиш. «Салафий» раҳнамоларидан бири Ибн Бознинг «Ал-Фатава» деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратамиз: ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال Яъни «Мусулмонларнинг ўликларига Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишлаш гумроҳликдир!» Ибн Бознинг бу фатвоси салафи солиҳлар, жумлаи жаҳон аҳли суннат мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга, унинг бу ва шу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил бўлди. Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоси билан исботланган. Имом Нававий розияллоҳу анҳу ўзининг машҳур «Ал-азкор» номли асарида айтади: «Тириклар дуосининг ўтганларга манфаати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмо қилганлар». Шунингдек, Имом Нававий Имом Шофиийдан қуйидагича ривоят қилган: ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا Яъни «Маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқиш мустаҳаб, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб, хатм қилинса, янада яхши бўлади». Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳнинг бу сўзлари «тиловат савобини бағишлаш ҳаром» деган салафийларнинг барчасига қарши раддия бўлади. Далил сифатида яна келтириш мумкин: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг اللهم اغفر لاهل البقيع «Ё Аллоҳ, Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин», деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам, учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода «Тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт» дейилади. Бу дуони ҳатто ўша салафийлар ҳам ўқиб келишади. Яна, саҳобалардан Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: اقرءوا يـس على موتاكم «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», деган тавсиялари айтилган. Бу ҳам айни масалада аҳли суннатга яққол ҳужжат бўлади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар эканлар, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиришади, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўядилар. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга: «Шу икки қабр эгалари азоб чекмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса…» дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида Имом Нававий айтганларки, «Оддий бир новданинг айтган тасбеҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, Қуръон оятларининг нафи новданинг тасбеҳидан кўпроқ бўлади». Бу каби ҳужжат-далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда «салафийлар» пайдо бўлдию уммат қабристонлари пайҳон қилинди. Мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди, сўнгра алломаю авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик уруғи сочилди. «Салафийлар»нинг қилаётган бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган вахшийликдир. Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан Билим юрти матбуот хизмати