МАСОЛИҲИ МУРСАЛА ҲАНАФИЙЛАР НАЗДИДА

0
195

Ҳанафийларнинг масолиҳи мурсала борасидаги қарашлари ҳақида ҳам шофеийлар ҳақида айтилган фикрларни келтириш мумкин. Усул китобларида ҳанафийлар наздида масолиҳи мурсаланинг Ислом ҳуқуқи манбаларидан бири сифатида кўрсатилганлигини учратмаймиз. Бироқ ҳанафийларнинг етук уламоларидан бири Камолиддин ибн Ҳумом ва унинг шогирди ибн Амир Ҳож қиёс қоидаларидан келиб чиқиб ҳанафийлар ҳам масолиҳи мурсалани қабул қилишлари вожиб эканлигини таъкидлайдилар[1]. Шунингдек, кўплаб тадқиқотчилар ҳанафий мазҳабида урф ва истеҳсонга кенг равишда амал қилиниши ҳанафийларнинг фиқҳий ҳукмларни чиқаришда инсонларнинг маслаҳаларини эътибордан четда қолдирмаганликларига далолат қилишини айтадилар[2]. Ибн Муваффақ Маккий  “Абу Ҳанифанинг сўзлари (йўллари) ишончлини олиш, қабиҳликдан қочишдир ва инсонлар муомаласига қарашдир. (Насс йўқ пайтда) инсонлар унга кўра истиқомат қилаётган ва уларнинг маслаҳасига мувофиқ ишларда қиёсни ишлатар, қиёс мувофиқ келмаса истеҳсонни ишлатар, истеҳсон мувофиқ келмаса мусулмонлар муомаласини асос қилиб олар эди,[3]” дейди. Дарҳақиқат, истеҳсон имом Абу Ҳанифа ижтиҳодларида кенг ўрин эгаллаган. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний “У зотнинг шогирдлари қиёс (га оид масалалар) да мунозара қилишар, аммо “истеҳсон қилдим” деса ҳеч ким унга ета олмас эди”[4] дейди. Уламоларимиздан имом Сарахсий истеҳсон борасида шундай дейди.

“Истеҳсон аслида икки хил қиёсдан иборатдир. Биринчиси очиқ, равшан, лекин таъсири кучсиз. Буни қиёс дейилади. Иккинчиси махфий, лекин таъсири кучли. Буни истеҳсон дейилади. Шайхимиз “Истеҳсон қиёсни[5] тарк қилиш ва инсонларга мувофиқроқ нарсани олишдир” деган. Шунингдек, унинг таърифида “Хос ва ом мубтало бўлган ҳукмларда енгилликни талаб қилиш”, “Кенгчилик йўлини тутиш ва имконият қўйишдир” ва “Бағрикенгликка амал қилмоқ ва қулайлик тарафини изламоқ” деган таърифлар ҳам айтилган. Ушбу иборалардан шуни хулоса қилиш мумкинки, у қийинчиликни тарк қилиб енгилликка ўтишдир. Бу эса динимизнинг аслий қоидаларидан биридир. Аллоҳ таоло “Алллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламайди” дейди[6]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Динингизни яхшиси енгилликдир”[7] дедилар[8].

Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳанафий мазҳабида истеҳсонга кўра чиқарилган ҳукмлар бошқа имомлар тарафидан масолиҳи мурсалага биноан чиқарилган ҳукмлар баробаридадир. Буни истеҳсон қоидасига асосан чиқарилган фатволар мисолида ҳам кўришимиз мумкин:

Бирор­бир буюм ёки кийимни ясаб ёки тикиб беришни сўраб буюртма беришнинг жоизлиги. Бунда буюмнинг нави, миқдори ва сифатини баён қилиш ва муддат белгиламаслик шарт қилинади. Бу иш қиёсга кўра жоиз эмасдир. Чунки у мавжуд бўлмаган нарсани сотишдир. Лекин фуқаҳоларимиз барча замон ва маконларда мусулмонлар бу ишни ўзаро муомалаларида одат қилганликларини эътиборга олиб жоиз санаганлар. Буни ижмоъга кўра истеҳсонга амал қилиш дейилади.

Демак, юқоридаги мулоҳазалардан ҳанафийлар ҳам масолиҳи мурсалани шаръий ҳукмларнинг асоси сифатида эътиборга олганликларини хулоса қилиш мумкин.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум”

Ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси Муҳаммадали ХАИТБОЕВ

[1] Ибн Амир. Тақрир. – Ж 6. – Б. 156.

[2]  Мустафо И. Алмаслаҳа фит ташрийъил исламий. – Б. 33. Бутий;  Завобитул маслаҳа. – Б. 381; Алвасфул муносиб –  Ж 6.  – Б 7;  Зуҳайлий. Усулул фиқҳил исламий. – Б 780; Абдулваҳҳоб Халлоф. Масодирут ташрийъил исламий фийма ла насса фийҳи. – Қувайт.: Дорул қалам, 1993. – Б. 90;   Адулазиз Аммор. Алмаслаҳа алмурсала ва асаруҳа. – Риёд.: Дору кунузи  Ишбиля, 2010. – Б. 143; Абдуллоҳ Солиҳ. Алмасолиҳул мурсала ва татбиқотуҳа. – Дамашқ университети журнали, 2000.  16­сон,– Б. 363.

[3] Бутий. Завобитул маслаҳа. – Б 383.

[4] Абу Заҳра. Абу Ҳанифа. – Байрут.: Дорул фикрил арабий, 1993. – Б. 387.

[5] Баъзи ўринларда қиёс дейилганда шариатнинг умумий қоидалари тушунилади. Бутий. Завобитул маслаҳа. – Б. 382.

[6] Бақара сураси. 185­оят.

[7] Саҳиҳи Бухорийда “ Албатта дин енгилликдир,…” лафзи билан келган. 39­ҳадис.

[8] Сарахсий Ш. Мабсут. – Байрут.: Дорул фикр, 2000. – Ж. 10. – Б. 119.

Load More In МАҚОЛАЛАР