МАҚОЛАЛАР МАСОЛИҲИ МУРСАЛА ШОФЕИЙЛАР НАЗДИДА 2 марта, 2021 0 156 Имом Шофеийнинг масолиҳи мурсалага амал қилиши борасида ҳам Усул китобларида қарамақарши фикрлар мавжуд бўлсада, замонамиз тадқиқотчиларидан доктор Бутий, доктор Ваҳба Зуҳайлий, доктор Мустафо Зайд ва Абдулкарим Зайдон ва бошқалар шофеийлар ҳам кўплаб масалаларда масолиҳи мурсалага таяниб иш юритганликларини таъкидлайдилар. Ибн Ҳажар Асқалоний “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса у мардуддир” ҳадисининг шарҳида “Имом Шофеий “Янги пайдо бўлган иш Китоб, Суннат, ижмоъ ёки асарга хилоф бўлса у бидъат ва залолатдир. Булардан биронтасига хилоф бўлмаса у мақталган бидъатдир”, деган ” дейди[1]. Бу сўзлардан бир бидъатнинг мақтовга сазовор бўлиши биронбир шаръий далилга асосланмаслиги маълум бўлмоқда, зеро бундай бўлса у бидъат ҳисобланмайди. Балки у инсонларга яхшилик ва манфаат келтиргани сабаб мақтовга сазовор деб ҳисобланмоқда. Ушбу келтирилган фикрлардан шофеийлар ҳам шаръий ҳукмларни чиқаришда масолиҳи мурсалага таянганликлари маълум бўлмоқда. Фақат улар масолиҳи мурсалани алоҳида, мустақил манба сифатида кўрмайдилар, балки уни қиёс остидаги бир маъно сифатида талқин қиладилар. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Муҳаммадали ХАИТБОЕВ [1] Ибн Ҳажар Асқалоний. ФатҳулБорий. – Байрут.: Дорул маърифа, 1379 ҳ. – Ж. 13. – Б. 253.