«МАВЛИДУН НАБИЙ» МАСАЛАСИ

0
10

«Салафийлар»нинг қабиҳ бидъатларидан бири Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидларини нишонлашни ҳаром деб даъво қилишларидир. Улар ўзларининг мавлиди шарифга нисбатан муносабатларини баён этиш учун бир қанча рисолалар ҳам битишган. Бунга Носириддин Албонийнинг «Бидъатул мавлид», Солиҳ ибн Фавзоннинг «Ҳукмул иҳтифал бизикрил мавлидин набавий», Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайхнинг «Ҳукмул иҳтифал билмавлид вар родду ъала ман ажазаҳу», Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Бознинг «Ҳукмул иҳтифал бил мавлидин набавий» номли рисолаларини мисол тариқасида келтириш мумкин. «Салафийлик» оқими аъзоларидан бири Абу Бакр Жазоирийнинг айтишича, ҳатто мавлиди шариф маросимида сўйилган жонлиқ гўшти чўчқа гўштидан ҳам баттарроқ эмиш.

Мавлид маросими бир неча юз йиллардан буён Ислом оламида кенг нишонланиб келади. Муаррих Ибн Ҳалликон «Вафаётул аъён» асарида зикр қилишича, мавлид маросимини биз кўриб, эшитиб одатланган ҳолидай нишонлашни расман давлат миқёсида ташкиллаштирган дастлабки ҳукмдор Арбил (ҳозирги Ироқ) волийси Малик Музаффариддин Кўкбўр бўлган (1190–1233). Аллома ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Малик Музаффарнинг бу хайрли тадбирларини мақтаб, таҳсинга сазовор эканига алоҳида урғу бериб, ўзининг «Ал-Бидоя ван ниҳоя» номли асарида келажак авлод учун ёднома сифатида ёзиб қолдирган.

Мавлид Ислом оламида феълий ижмо йўли билан собит бўлган гўзал амаллардан биридир. Асрлар оша Ислом подшоҳлари, машойих-лар, ҳадисшунослар, фақиҳлар, зоҳидлар ва қанчадан-қанча орифлар бу маросимни нишонлаб келишлари тарихдан маълум. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа уламоларнинг таъкидлашича, ҳаттоки мавлид байрамининг суннати набавиядан истинбот қилинган асли ҳам бор.

Шуни яхши эслаб қолиш керакки, Ибн Таймия ҳам мавлид маросимини бугунги издошлари каби инкор қилган эмас. Балки, айрим фатволарида «агар яхши ният билан қилинса, унга ажр-савоб берилади», деган. «Салафийлар» ва уларга хайрихоҳлар шуни билиб қўйсинларки, Ибн Таймия ўзининг машҳур «Иқтизоус сирот» асарида айтади:

و كذلك ما يحدثه بعض الناس إما مضاهاة للنصاري في ميلاد عيسي عليه السلام، و إما محبة للنبي صلي الله عليه و سلم و تعظيما له، و الله قد يثيبهم علي هذه المحبة و الإجتهاد لا علي البدع

«…Шунингдек, бугунги кунда баъзи инсонлар насронийларнинг Исо алайҳиссалом туғилган кунини нишонлашларига қиёсан ёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломга камоли муҳаббатлари ва ул зотни улуғламоқ ниятида қилаётган янги тадбирларига келсак, Аллоҳ уларга бу бидъатлари учун эмас, балки муҳаббатлари ва ижтиҳодлари учун савоб беради».

Мана шу сўзлари билан «салафийлар» шайхи Ибн Таймия мавлид байрамининг савоби борлигини тан олган ва исбот қилган. Бугунги «салафийлар» эса мавлид маросимларини гуноҳи азим ва ҳатто ширк дейишгача бориб етишди.

Ибн Таймия юқорида келтирилган сўзларидан кейин яна бундай дейди:

فتعظيم المولد و إتخاذه موسما قد يفعله بعض الناس، و يكون له فيه اجر عظيم لحسن قصده، و تعظيمه لرسول الله صلي الله عليه و اله و سلم، كما قدمته لك

«Бас, мавлиди шарифни улуғламоқ ва уни байрам сифатида нишонламоқки, уни баъзи инсонлар қилиб келади, бунга яхши ниятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуғлаганлари учун ажри азим берилади. Чунончи, буни сизга олдинроқ тақдим қилиб ўтгандим.» (Аҳмад ибн Таймия, «Иқтизоус сирот», 297-бет).

Шундай экан, бу «салафийлар» мавлид масаласида ким тарафда туришибди?! На аҳли сунна ва на шайхлари бўлмиш Ибн Таймия билан бирга!

Барчамизни «салафийлар»га қўшилиб қолишдан, Ислом уламолари, саҳоба ва тобеинлар йўлидан ажраб қолишдан ва қиёмат куни бутун башарият ичида яккаланиб шарманда бўлишдан Алоҳнинг Ўзи асрасин!

 

Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар китобидан”

Билим юрти матбуот ҳизмати

  • KUN HADISI

    #kun_hadisi KUN HADISI «Sayyid Muhyiddin maxdum » o’rta maxsus islom bilim…
  • Бемазҳаблар ҳақида

    “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб севикли Пайғамбаримиз…
  • Фитнанинг 11та хатар ва зарарлари

    Фитна энг кўп қон тўкилишининг энг катта сабабларидан бўлиб, фитна натижасида жамиятда тал…
Load More In МАҚОЛАЛАР