МУЖТАҲИДЛАРГА ЗАМОНДОШ УЛУҒ АЛЛОМА

0
25

Ўзбекистон замини кишилик жамияти маданиятининг бешикларидан ҳисобланади. Юртимиз ҳудудида яратилган маданият наъмуналари дунё тамаддуни ривожида салмоқли ўрин эгаллайди. Ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши ва маҳаллий аҳолининг ислом динини қабул қилиши юртимиз аҳолисининг маданий тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Мазкур даврда ҳам исломий илмлар ривожига, ҳам дунёвий фанлар тараққиётига мислсиз хисса қўшган буюк мутафаккир аждодларимиз яшаб фаолият юритди. Ана шундай буюк мутафаккирлардан бири “Хоразм фахри”, “Араб ва ажамлар устози” деган шарафли номлар билан улуғланган, араб тили ривожига беқиёс хисса қўшган бобомиз Маҳмуд Замахшарийдир.

Хоразм диёридан етишиб чиққан мазкур аллома араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳ каби турли фан соҳаларига оид 50 дан ортиқ асар ёзган. Айрим манбаларда у зотнинг асарлари сони 60 ёки 70 дан ортиқлиги зикр қилинади. Қуръони карим тафсирига бағишланган “Ал-Кашшоф”, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал”, одоб-ахлоққа доир “Атвоқуз-заҳаб” каби асарлар шулар жумласидандир.

Маҳмуд Замахшарий Хоразмда туғилиб ўсди. Ўша даврда Мовароуннаҳр ва Хуросонда Хоразмшоҳлар давлати ҳукмронлик қилар эди. Замахшарий Хоразмни идора қилган ануштегинийлар сулоласининг Ануштегин, Қутбиддин ибн Муҳаммад ва Алоуддин Отсиз каби ҳукмдорлари билан замондош бўлган. Унинг Алоуддин Отсиз учун “Муқаддаматул-адаб” асарини ёзгани ва асар муқаддимасида уни мадҳ этгани манбаларда қайд этилади.

Қомусий олим Ибн Ҳалликон ўзининг “Вафаётул-аъён” асарида ўша даврда ўлкамизда ҳукмронлик қилган амирларни қуйидагича сифатлаган: “Мовароуннаҳр подшоҳлари Мовароуннаҳр ва Хуросон султонларининг сийрат жиҳатидан энг яхшилари эди. Улардан ким подшоҳликка ўтирса, “султонлар султони”, деб аталар эди. Бу ном унга гўё белги бўлиб қолар эди. Одатда улар адолатли, заковатли ва илмли кишилар бўлганлар”.

Замахшарий даврида жамият турли миллатлардан иборат эди. Аҳоли турли ижтимоий қатламлардан таркиб топган, уларнинг яшаш тарзлари бир-биридан фарқ қилар эди. Ўша даврда юртимизда нафақат мусулмонлар, балки яҳудий ва насронийлар учун ҳам ҳуррият, тинчлик ва омонликда ўз эътиқодлари тақозо қилган амалларни бажаришларига имконият яратиб берилган. Ҳатто уларнинг баъзилари давлатнинг юқори лавозимларини эгаллаган, шунингдек, тижорат ишларини ҳам юритишар эди. Араб тили асосий тил сифатида қўлланилар эди.

Шу билан бирга мазкур даврда турли эътиқод ва қарашлар вакиллари ўртасида ихтилофлар кўпайган, бузғунчи фирқалар ҳам юзага келган. Ана шу даврда юртимиздан етишиб чиққан илм аҳли ихтилофларни бартараф этишда, инсонларни тўғри йўлга бошлашда машаққатли меҳнат қилган.

Мазкур даврда мусулмон оламида юзага келган ихтилофларнинг Хоразмга ҳам таъсири бўлди. Шунга қарамай унинг халқи дину диёнатда мустаҳкам, илму маърифатда пешқадам бўлди. Машҳур муаррих Ёқут Ҳамавий мазкур ҳолатни қуйидагича мадҳ этади: “Дунёда дин ва шариат масалаларига амал қилишда Хоразмдек шаҳар йўқ деб ўйлайман”.

Мазкур давр диний ҳаёти ҳақида гап кетганда минтақада ҳанафийликнинг тараққий этганини қайд этиб ўтиш лозим. Абул Муин ан-Насафий ўзининг “Табсиратул-адилла” асарида таъкидлашича, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг Марв ва Балх каби шаҳарларида муътазилия таълимотини қабул қилганлардан ташқари Абу Ҳанифа издошларининг асосий қисми усул ва фуруъ мавзуларида ислом кириб келган даврнинг дастлабки кунлариданоқ ҳанафия таълимотини қабул қилган эдилар. Насафийнинг мазкур асаридаги “Мовароуннаҳрда муътазилия таълимотини қабул қилмаган ҳанафийлар” деган иборасидан, бу ўлкада ҳанафия олимлари ҳанафий муътазилийлар ва Имом Мотуридий томонидан ривожлантирилиб тизимга солинган ва муътазилия фикрларини рад қилган ҳанафий-мотуридийлар каби икки гуруҳга бўлингани маълум бўлади.

Имом Замахшарий яшаган давр фиқҳ илми шаклланишида сўнгги босқич бўлган. Мазкур даврда турли фиқҳий мактаблар шаклланди. Мазҳаб уламолари далилларини излаш, фатволарини соҳаларга бўлиш ва уларнинг орасидан тегишлиларини ажратиб олиш каби ишлар амалга оширилди. Замахшарий “Мабсут” асари соҳиби Имом Сарахсий ва фақиҳларнинг бешинчи гуруҳи ҳисобланган “Таржиҳ соҳиблари”, яъни фатволарнинг қайси бири бошқаларидан устун эканини аниқлай оладиган мужтаҳидлар гуруҳига мансуб бўлган Имом Қудурий билан замондош бўлган. Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя”, Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфатул-фуқаҳо”, Абу Бакр Косонийнинг “Бадое ас-саное” асарлари айнан мана шу даврда яратилган. Бу фақиҳларнинг ҳанафий мазҳаби борасидаги қарашлари ҳозир ҳам эътиборли ҳисобланади. Имом Замахшарийнинг ўзи ҳам фиқҳ илмига оид “Руусул-масоил” номли асар ёзган ва мазкур асарида ҳанафийлар ва шофеъийлар ўртасидаги асосий ихтилофли масалаларга тўхталиб ўтган. Ҳиндистон диёридан етишиб чиққан машҳур ҳанафий олими Абдулҳай Лакнавий ўзининг “Ал-фавоид ал-баҳийя фи тарожимил-ҳанафийя” номли ҳанафий уламолар таржимаи ҳолларига бағишланган асарида Имом Замахшарийни “Мунозара қилиш салоҳиятига эга бўлган фақиҳ” дея таърифлаган. Умуман олганда, мазкур давр ҳанафийлик тараққиётида ривожланиш ва дунё бўйлаб атрофга тарқалиш даври бўлди.

Арабча байтларнинг бирида “Агар икки оқсоқ бўлмаганида эди, араб тили “оқсоқланиб” қолган бўлар эди. Уларнинг бири Хоразмдан, иккинчиси Журжондан”, дея Имом Замахшарий ва Журжонийларнинг зикр этилиши бежиз эмас. Дунёга донғи кетган Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” дорулфунунида талабаларнинг “Ал-Кашшоф” асосида Қуръони карим тафсирини ўрганишлари у зот меросининг эътироф этилишига ёрқин мисол бўла олади. Юртимиз алломалари, хусусан, Имом Замахшарий ижоди ислом маданияти тараққиёти тарихи ва бугунида ўзига хос ўрин эгаллайди. Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврнинг мураккаб саволларига жавоб топишда аждодларимиз қолдирган илмий ва диний-маърифий мерос беқиёс аҳамият касб этади.

 

 Абдулло Ғуломов

 Андижон «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти

Маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

Фойдаланилган адабиётлар: 

  1. Ибн Халликон. Вафоётул-аъён. – Байрут, «Дар содир», 1994. -483 б.
  2. Ёқут Ҳамавий. Муъжамул-булдон. – Байрут, «Дарул-фикр». -538 б.
  3. Абул Муин ан-Насафий. Табсиратул-адилла. – Қоҳира, «Ал-мактаба ал-азҳарийя», 2011. -1314 б.
  4. Абдулҳай Лакнавий. Ал-фавоид ал-баҳийя фи тарожимил-ҳанафийя. – «Дар ал-китаб ал-исламий». -263 б.
  5. Босворт К. Мусульманские династии. – Москва: «Наука», 1971. -324 с.
  6. Исломов З., Саиджалолов С. Маҳмуд Замахшарий ва фиқҳ илми. – Т.: «Мовароуннаҳр», 2011. -36 б.
  7. Оқилов С. Х-XI асрларда Мовароуннаҳрда эътиқод ва диний бағрикенглик масаласи// «Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови». – Т.: «Тошкент ислом университети», 2014. -400 б.
  8. Саиджалолов С. Фақиҳ Маҳмуд Замахшарий// Ёш шарқшуносларнинг академик У.Каримов номидаги XII илмий-амалий конференцияси тезислари. – Т. 2015. -278 б.

 

Load More In МАҚОЛАЛАР