МУСУЛМОН ОДАМ ҲАТТО ЧУМОЛИГА ҲАМ ОЗОР БЕРМАЙДИ. (1-қисм)

0
382

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда бировга зарари тегмайдиган одамларга нисбатан «Чумолига ҳам озор бермайди» иборасини қўллаймиз. Нима учун шундай? Бир ўйлаб кўрганмизми? Бошқа митти ҳашоратлар ичида айни чумоли номининг зикр қилиниши қизиқ. Мақолада бу саволга жавоб ва бошқа қизиқарли маълумотлар тақдим этилади.

Ҳозирги вақтда дин ниқоби остида турли бузғунчиликлар қилаётган ёки исломофобия (Ислом билан қўрқитиш)га ҳаракат қилиб, муқаддас динни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлганларнинг борлиги ҳаммага аён. Бундай шахсларнинг даъволари ёлғондан ўзга нарса эмас. Дин номидан айтилаётган жимжимадор гаплару баландпарвоз шиорларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. Чунки Ислом дини инсонларни фақат эзгуликка, яна такрор айтамиз, фақат эзгуликка чақиради. Мусулмон киши эса мана шу эзгуликка хизмат қилади. Бировга ёмонлик қилмайди, зарар келтирмайди. Инсон тугул, ҳатто чумолига бесабаб озор бермайди. Энди ўзимиз бир хулоса қилайлик, энг митти ҳашоратнинг ҳам риоясини қилган мусулмон мавжудотлар гултожи – ҳазрати инсонга озор берадими?!

Қуйида сўзимиз исботи сифатида баъзи далилларни келтириб ўтамиз.

«Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки,  ҳаммаси сиз каби умматлардир» (Анъом сураси, 38-оят).

«Токи улар чумолилар водийсига келганларида бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. Бас, у унинг сўзидан табассум қилди» (Намл сураси, 18–19-оятлар).

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, ҳаттоки инидаги чумоли ва денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшилик ўргатувчига саловот айтади», дедилар.

Табароний ривоят қилган.

Муҳаддис уламолар ҳадис шарҳида чумоли номи бежизга келмаганини таъкидлайдилар. Бунинг сабаби сифатида чумолининг меҳнаткашлигини мисол қилиб келтирадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир чумоли пайғамбарлардан бирини тишлаб олди. Шунда чумолилар қишлоғини ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло унга ваҳий қилди: «Сени бир чумоли тишласа, тасбеҳ айтадиган умматни ҳалок қиласанми?» дедилар.

Имом Муслим ривоят қилганлар.

Абдурроуф Муновий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадис шарҳида «…пайғамбарлардан бирини…» сўзидаги пайғамбар Узайр, Мусо ёки Довуд алайҳиссаломлардан бири бўлиши мумкин, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлардан бири дарахт тагига борди. Уни бир чумоли тишлаб олди. Шунда дарахт тагидан матоларини олиб, чумоли (ини)ни ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: «Бир чумоли деб-а?» дедилар.

Имом Муслим ривоят қилганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўртта жонзотни ўлдиришдан қайтардилар: чумоли, асалари, сассиқпопишак ва суррод».

Имом Абу Довуд ривоят қилганлар.

Суррод – чумчуқдан катта, ярми оқ ва ярми қора қуш.

Муҳаммад ибн Зайд ибн Хулайдадан ривоят қилинади.

У зот: «Мен Ибн Умар билан бирга намозга борар эдим. Агарда у билан бирорта чумоли юрса, ундан олдин ўтмаслигини кўрардим», дедилар.

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган.

Абуссиддиқ ан-Ножийдан ривоят қилинади:

«Довуд ўғли Сулаймон инсонлар билан ёмғир сўрагани чиқди. Шунда оёқларини осмонга кўтариб, чалқанчасига ётган бир чумоли олдидан ўтди. У: «Аллоҳумма инна холқун мин холқика лайса лана ғинан ан ризқика фаимма ан тасқияна ва имма ан туҳликана», дерди. Сулаймон алайҳиссалом одамларга: «Орқангизга қайтинглар. Батаҳқиқ, бошқаларнинг дуоси ила сизларга сув берилди», дедилар».

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган.

Дуонинг таржимаси: «Эй Аллоҳ! Биз Сенинг бир халқингмиз. Ризқингдан беҳожат эмасмиз.  Ё бизга сув берасан, ё ҳалок қиласан».

Чумолига озор бермаслик борасида ўтган азизларимизнинг ҳам бир қанча ўгитлари бор. Жумладан, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ аброр – яхши кишиларга таъриф бериб: «Улар чумолига озор бермайдиган, ёмонликка рози бўлмайдиган зотлардир», дейдилар. (Давоми бор…)

 

 Равшанбек Ўринбоев,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

 

Load More In МАҚОЛАЛАР