МАҚОЛАЛАР МУСУЛМОН ОДАМ ҲАТТО ЧУМОЛИГА ҲАМ ОЗОР БЕРМАЙДИ. (2-қисм) 17 августа, 2020 0 270 Мазкур масалага фиқҳий нуқтаи назардан ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мисол учун машҳур фақиҳ Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал-Баҳр ар-Роиқ» китобининг «Хало одоблари боби»да қуйидаги иборани келтиради: «…сичқон, илон, ЧУМОЛИ ини ва тешикка бавл қилиш макруҳ бўлади». Машҳур фақиҳ Бурҳонуддин Моза раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал-Муҳит ал-Бурҳоний» китоби 23-фаслида қуйидагиларни келтиради: «Чумоли ҳақида машойихларимиз гапирганлар. Содруш Шаҳид айтишича, ихтиёр қилинган фатво шуки, агар (чумоли) озорни ўзи бошласа, ўлдиришнинг зарари йўқ. Ўзи бошламаса, ўлдириш макруҳ бўлади. Ривоят қилинган ҳадис бунга асосдир. Бир чумоли пайғамбарлардан бирини тишлаб олди. Шунда у чумоли уйини ёндирди. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: «Ўша битта чумоли деб ўлдирасизми?» (Ҳадис) чумолини ўлдириш озор берганда жоизлигига, озор бермаганида эса жоиз эмаслигига далил бўлади. Машойихлар чумолини сувга ташлаш жоиз эмаслигига иттифоқ қилдилар». Иборага ҳар томонлама муносиб танланган бу митти қаҳрамонимиз ҳақида икки оғиз сўз юритмасак, инсофдан бўлмас. Исми: чумоли. Илмий тилда (лотинчада) «Formicidae» дейилади. Куняси: Абу Машғул – меҳнатсевар. Асосий касби: муҳандислик. Олимларнинг таъкидлашича, чумоли муҳандисликда одамлардан моҳир экан. У ўз масканини ердан 10 метр чуқурликкача етказиши мумкин. Қуръони Каримда чумолининг уч бор зикри келган. Ҳатто унинг шарафига ўша оятлар учрайдиган сура «Намл» – чумоли деб ном олди. Араб тилида чумоли «намла» дейилади. Бу сўз «серҳаракат» маъносини англатади. «Ҳар бир нарсанинг ўз исмидан насибаси бўлади», деган қоидага кўра, исми жисмига монанд қўйилган. Чумоли ризқ талабида энг кўп ҳаракат қилувчи ҳашорат ҳисобланади. Унинг одати – қишнинг ғамини ёзда ейди. Ҳатто инсонларнинг бу миттивойдан ўрганадиган нарсалари кўп. Унинг олтита оёғи бор. Танасининг 80% и шишадан ташкил топган. Чумолилар жамоа бўлиб яшайдилар. Улар бир-бирларини жуда яхши тушунадилар, топганини биргаликда баҳам кўрадилар. Жамоада миллионгача чумоли бўлиши мумкин. Чумолилар оиласи тўртликдан ташкил топади: битта малика (она), эркак, ишчи, қўриқчи чумолилар. Ҳар бирининг ўзи хос бажарадиган вазифалари бор. Она чумоли жуссаси каттароқ бўлиб, инидан чиқмайди. У тухум қўйиб, насл қолдириш вазифасини бажаради. Она чумолини ишчи чумолилар боқади. Қўриқчи чумолилар уяни хавфдан ҳимоя қилади. Озиқ йиғиш, тозалик ва бошқа вазифалар ишчи чумолилар зиммасида. Уйга кирмоқчи бўлган ишчи чумолилар мўйловларини қўриқчи чумолилар бошига теккизади. Ундан кейин ичкарига киришга рухсат берилади. Эркак чумолилар уруғлантириш – кўпайиш даврида яшайди, холос. Бу миттивойлар ҳайратга соладиган даражада энг тартибли, интизомли ҳаёт кечирадиган ҳашорат ҳисобланади. Узунлиги иккидан йигирма беш миллиметргача бўлади. Ўзидан йигирма баробар оғир нарсани кўтара олади. Тасаввур қилишимиз учун 50 килограмм вазнли инсон 1 тоннали машинани осонлик билан кўтарганга ўхшайди. Ғарб олимлари бир неча йил тажрибалар ўтказиб, чумолиларнинг ўзига хос тилда гаплаша олиш қобилиятини кашф қилишди. Бу кашфиётни оламшумул иш сифатида бутун дунёга бонг уриб жар солдилар. Ваҳоланки, бу кашфиёт ҳам бошқалари қатори Қуръони Каримда 14 аср олдин айтиб бўлинганди. Чумоли табиатни тартибга солишда ёрдам берувчи энг муҳим ҳашоратлардан биридир. Чунки унинг ер остида кавлаган йўллари ўсимликлар илдизи ривожланиши ва энг яхши кўринишда нафас олишига сабаб бўлади. Тўплаган донлари ўсиб кетмаслиги учун бир неча бўлакка бўлиб қўядилар. Яна ғамлаган донларида пўпанак босиш хавфи туғилса, уларни кечаси ой шуъласида ер бетига олиб чиқиб, ёйиб қуритадилар. Чумолилар дунёнинг совуқ минтақаларидан ташқари барча жойларида яшайди. Яна бир қизиқ маълумот – чумолилар умуман ухламайди. Манбалар асосида: «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Равшанбек ЎРИНБОЕВ тайёрлади.