Муташобиҳларни тўғри англаш 3-қисм

0
134

Ақлий далил: Агар Аллоҳни азо маъносидаги қўли бор дейилса унда Аллоҳни “жисм” деб айтиш лозим келади, чунки азо маъносидаги “қўл” жисмдан иборат. Жисмликдан эса муҳтожлиги келиб чиқади. Чунки жисм бу мураккаб нарса бўлиб ўз жузларига ҳам ва уни таркиб топтирувчисига ҳам муҳтож бўлади. Яратувчи Олий Зотни нимагадир муҳтож бўлиши мумкин эмас. Муҳтожлик эса илоҳликка зиддир.
Нақлий далил: Аллоҳ таолодан ташбеҳни инкор қиладиган муҳкам оятлар ҳисобланади. Уларнинг энг машҳури Шууро сурасининг 11-оятидир:
ليس كمثله شيء و هو السميع البصير…
У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўрувчи зотдир.
Ушбу оят Аллоҳ таолога бирор нарса ҳеч бир жиҳатдан ўхшамаслиги борасида муҳкам ҳисобланади. Чунки оят ўхшашликни бирор турига қайдламасдан мутлоқ инкор қиляпти. Биз эса юқорида айтганимиздек Аллоҳга азо маъносидаги “қўл”ни нисбатини берсак, Аллоҳнинг жисм бўлиши лозим келади. Аллоҳни “жисм” деб айтиш эса бошқа мавжудодларга жисмликда ўхшатиш бўлиб қолади. Ояти каримада Аллоҳ таоло ўзини бирор нарсага ўхшамаслигини айтиб турган бир вақтда У Зотни жисмларга ўхшатиб қўйишимиз эса муҳкам оятларга қарши чиқишимиз деганидир. Бу эса ўзини мўмин ҳисоблаган ҳеч бир инсон учун мумкин бўлмаган ишдир.
Эътибор қиладиган бўлсак, муташобиҳ оятларни тўғри тушунишдаги биринчи босқич Аллоҳга нолойиқ бўлган маънолардан У Зотни поклаш экан. Энди ўз ўзидан савол туғилади: “Агар оятдаги “қўл”дан мурод азо бўлмаса унда нима деб тушунамиз”. Айни шу саволга иккинчи босқичда жавоб топамиз.
Иккинчи босқич: бу босқичда банданинг олдида иккита йўл туради. Қайси бирини танласа ҳам хато қилмаган бўлади. Бу икки йўл “тафвиз” ва “таъвил”дир.
التفويض: الإيمان بالنصوص التي فيها ما يوهم التشبيه كالإستواء واليد والعين كما جاءَت, بلا كيف ولا توهم ولا تشبيه ولا تمثيل
Тафвиз: “Истиво”, “яд” ва “айн” каби унда ўхшатиш ваҳми бўлган насларга кайфийятсиз, ваҳмлашсиз, ташбиҳ ва тамсилсиз келганидек иймон келтириш.
Яни: Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифларда келган, кўринишидан Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшатишга олиб келадиган матнларга шакл шамойилсиз, ўй ҳаёлларсиз, бирор жиҳатдан ҳам ҳар жиҳатдан ҳам ўхшатишсиз(Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган барча нарсалардан поклаган холда) қандай келган бўлса шундоқлигича иймон келтириш.
التأويل: حمل اللفظ على خلاف ظاهره الموهم تشبيها, مع بيان المعنى المراد
Таъвил: Ирода қилинган маънони баён қилиб бериш билан бирга лафзни ташбиҳни ваҳмга келтирувчи зоҳири(маъноси)дан бошқа (маъно)га буриш.
Яни: Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифларда келган, кўринишидан Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшатишга олиб келадиган лафзларни Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган зоҳирий(ҳақиқий) маъноларидан Аллоҳ таолога лойиқ бўладиган бошқа бир эҳтимолий(мажозий) маъносига, қатъий тайин қилмасдан буриш.
Тафвиз салафлар(аввалгилар)нинг, таъвил эса халафлар(кейингилар)нинг тутган йўли дейилса ҳам аслида аксар салафлар ва аксар халафлар назарда тутилган бўлади. Чунки салафларнинг ичида ҳам таъвил қилганлари бўлгани каби халафларнинг ичида ҳам тафвиз қилганлари бўлган.
Юқоридаги тафвиз ва таъвилнинг маъноларини тушуниб олган бўлсак, қуйидагиларни айтишимиз мумкин: биринчи босқичда оят ва ҳадисларда келган муташобиҳ лафзларни Аллоҳ таолога нолойиқ бўлган маъноларини У Зотга нисбатини қатъий инкор қилганимиздан сўнг тафвиз ёки таъвил йўлининг биридан юришимиз мумкин. Масалан: “Яд”ни қўл маъносида эканини қатъий инкор қиламиз ва қолган “ғалаба”, “қудрат”, “саҳий” ва “неъмат” каби эҳтимолий маъноларидан қайси бири ирода қилинганига киришмасдан Аллоҳ таолонинг илмига ҳавола қиламиз. Бу тафвиз бўлади. Ёки эҳтимолий маъноларидан бирини ижтиҳод йўли билан қатъий айтмасдан бирини тайин қилишимиз мумкин. Буюк муфассир Имом Табарий тафсирларида “қувват” маъноси келтирилган. Имом Шавконийнинг “Фатҳул қодир” тафсири ҳамда Имом Қуртубийнинг тафсирларида Калбийдан “неъмат” маъноси, Ибн Кайсондан эса “қувват” ва “ёрдам” маънолари ривоят қилинган.

Демак қайси маънода тушунамиз деб савол берган инсонга шу маънолардан бирини тушунсак хато қилмаган бўламиз деб айтилади. Бу эса таъвил бўлади. Таъвил қилиш эса тафсир илмининг иши ҳисобланади.
Тафсир қилиш жараёнида хато қилиш эҳтимоли бўлади. Чунки бу изланишлар натижаси ҳисобланади. Ҳар бир муфассирнинг ижтиҳоди эса бошқасидан фарқ қилиши табиийдир. Лекин диққат билан эътибор қилишимиз керак бўлган жиҳати ақидада хато қилиш мумкин эмас. Муташобиҳ оятлардаги эътиқодий жиҳати Аллоҳ таолони бошқа мавжудодларга ўхшатиб қўймасликдир. Шу билан ақида фанининг вазифаси тугайди. Муносиб маънолардан бирини танлаш эса тафсир фанининг вазифаси ҳисобланади. Шунинг учун ақидада турли хил эътиқодларга борилмайди, балки битта тўғриси эътиқод қилинади. Қолганларидан сақланилади. Тафсирларнинг эса турли туман бўлиши табиий жараён ҳисобланади.
Аслида, таъвилга эҳтиёж бўлганда ўтилади. Салафларнинг даврларида умумий тарзда эҳтиёж бўлмагани учун тафвиз билан кифояланишган

Билим юрти мударриси:
Иқболжон домла Қамбаров тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР