МАҚОЛАЛАР Муташобиҳларни тўғри англаш 4-қисм 9 января, 2024 0 123 Халафлар даврига келиб эса таъвилга эҳтиёж сезила бошлади. Бу маънони “Ал-Бадрул анвор” соҳиблари қуйидагича изоҳлайди. “Сўнгра халафлар тафвиз йўли саломатлироқ ва манфаати умумийроқ бўлса ҳам салафларнинг замони инқирозидан сўнг аҳли бидъатлар чиқганлиги ва ўзларининг залолатдаги йўллари (тўғрилиги)ни исботлашда муташобиҳлар билан далилланганлари учун уларни мулзам қилиш ва далилларини йўққа чиқаришга мажбур бўлдилар ва таъвилга эҳтиёж сездилар”. Лекин таъвилда ҳам қатъий маъно айтилмайди. Қатъий тайин қилиб қўйиш эса Мўтазила тоифасининг йўлидир. Улар “яд”дан мурод “қудратдир, бошқаси эмас” деб деб қатъий айтадилар. Бу эса хато йўлдир. Бу боради Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг машҳур “Ал-Фиқҳу ал-акбар” асарларида қуйидагиларни келтирадилар: ولا يقال: إن يده قدرته أو نعمته لأن فيه إبطال الصفة, وهو قول أهل القدر والإعتزال. ولكن يده صفته بلا كيف. Унинг “яд”и “қудратидир” ёки “неъматидир” деб айтилмайди. Чунки бунда сифатни инкор қилиш бор. Бу Аҳли қадар ва Мўтазилиларнинг гапидир. Лекин (биз айтамиз) унинг “яд”и кайфийятсиз сифатидир. Баъзилар Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ушбу гапларини ўзларига ҳужжат қилиб, қарашларини исботлашга уринадилар. Аслида эса у зот юқорида айтганимиздек бир маънони қатъий тайин қилиб қўйиш мумкин эмаслигини баён қиляптилар. Демак шаръий матнларни уламоларимиз кўрсатиб берганларидек тушунадиган бўлсак ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Чунки ундаги биринчи босқич ақида бўлса иккинчи босқич тафсирдир. Аллоҳ таолони ҳар қандай нуқсонлардан, ўхшашликлардан поклаш эътиқодий масала бўлиб бунда хато қилишга хеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аллоҳ таолони айбу нуқсонлардан пок деб билишга ҳар бир мўмин масъул ҳисобланади. Ва бу фарзи айн бўлган масала. Шунинг учун бу борада бошқа йўл бўлиши мумкин эмас. Аллоҳни поклаб бўлгандан сўнг, ақида тўғри ва соғлом бўлгач, унинг маъносини ўрганишга киришиш бу тафсир илмининг иши ҳисобланади. Бу илмда ҳар бир муфассир ўз илми салоҳияти билан ижтиҳод қилиб бизларга эҳтимолий маънолардан бирини ижмолий(умумий) ёки тафсилий(батафсил) тайин қилиб беради. Бу эса фарзи кифоя бўлиб, ҳар бир мўъмин билиши зарурий бўлган масалалардан эмас. Ижмолий ёки тафсилий деб айтганимизнинг сабаби шуки, аслида ҳар бир тафвиз ҳам ижмолий таъвил ҳисобланади. Чунки муфассир биринчи босқичда нолойиқ маъноларни чиқариб ташлаши билан қолган эҳтимолий маъноларни умумий тарзда шулардан бири бўлса керак деган маънода таъвил қилган бўлади. Тафсилий таъвил эса бошқа эҳтимолий маъноларини инкор қилмаган ҳолда биттасини тайин қилишдир. Худди шунингдек, ҳар бир таъвилда ҳам тафвиз маъноси бор. Чунки бирорта маъно тайин қилинганда ҳам қолган эътимолий маънолар Аллоҳнинг илмига ҳавола қилинаётган бўлади. Шунинг учун биринчи босқич жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Буни ояти карималарнинг далолатлари ҳам тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Шууро сурасининг 11-оятида: ليس كمثله شيء و هو السميع البصير… “У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У зот ўта эшитгувчи, ўта кўрувчи зотдир”, деб марҳамат қилади. Эътибор қиладиган бўлсак, эшитиш ва кўриш Аллоҳ таолода бор бўлган сифатлардан. Ўхшашлик эса йўқ бўлган сифатлардан. Аслини олганда борлик йўқликдан устун туради. Борлик афзал бўлишига қарамасдан оятда йўқликни муқаддам қилиниши аҳамияти юқори эканини кўрсатади. Аллоҳ таолога нимани исбот қилинса ҳам аввало ўхшашликни йўққа чиқариш муқаддам қилинишини англатади. Уламоларимиз бизларга баён қилиб берган ушбу йўллар муташобиҳларни тушунишда энг тўғри йўл эканига ҳеч қандай шубҳа ва гумонлар бўлиши мумкин эмас. Шундай бўлса ҳам бу йўлни хато билиб, янги йўл ихтиро қилувчи тоифалар чиқиб турибди. Билим юрти мударриси: Иқболжон домла Қамбаров тайёрлади.