МАҚОЛАЛАР Муташобиҳларни тўғри англаш 5-қисм 11 января, 2024 0 151 Бугунги кунда ўзларини салафларга ҳақиқий эргашувчилар қилиб кўрсатаётганлар муташобиҳларда ҳам ўзларини айнан салафлар йўлида эканини даъво қиладилар. “Салафлар таъвил қилмаганлар биз ҳам таъвил қилмаймиз, Аллоҳ таоло ўзига нимани исбот қилган бўлса биз ҳам шуни исбот қиламиз”, оятдаги “яд” калимасидан ҳақиқий маънодаги “қўл”и бор, аммо кайфийяти бизни қўлимизнинг кайфийятига ўхшамайди. Кайфийятини билмаймиз, Аллоҳнинг Ўзи билади”, деб айтадилар. Биринчи эшитган инсонга “бу гаплар тўғри бўлса керак”, деган фикр ҳам келади. Келинг уларнинг бу даъволари қанчалик асосли эканини кўриб чиқайлик. Салафлар таъвил қилмаганлар деган гапларига келсак, биринчидан салафлар ҳожат бўлмагани учун таъвил қилмаганлар, ҳожат бўлганда эса улар ҳам таъвил қилганлар. Иккинчидан, салафлар маънони тафвиз қилганлар. Булар эса маънони эмас балки кайфийятни тафвиз қиляптилар. Бу маънонинг тафсилоти қуйида келади. Аслида ўзлари даъво қилган тафвизларида салафларнинг йўлида эмаслар. Иккинчи даъволарида улар бизга қарата “Сизлар Аллоҳ таоло Ўзига исбот қилган нарсани исбот қилмайсизлар”, деган айбловлари. Ҳақиқатда шундайми, яни биз Аллоҳ ўзига исбот қилган нарсани исбот қилмаймизми? Аллоҳ таоло ўша калималарнинг ҳақиқий маъносини ирода қилганми? Албатта, йўқ. Аслида биз Аллоҳ таолони ушбу маъноларни Ўзига исбот қилган деган гапга ҳам рози эмасмиз Чунки буни юқорида ақлий ва нақлий далиллар асосида ҳақиқий маъносида эмаслигини айтиб ўтдик. Уларнинг гаплари эса асли ҳақиқатни яшириш ҳисобланади. Чунки қайси бир мўъмин-мусулмон Аллоҳ ўзига исбот қилганни инкор қилиши мумкин. Ахир бу куфрга олиб боради-ку, ким бунга журъат қила олади. Бу ердаги хилоф исбот қилишда эмас, балки нимани исбот қилишда. Аллоҳ таоло муташобиҳ калималардан ҳақиқий маънони ирода қилганига далилингиз нима? Агар нисбатни ўзи билан исбот ҳосил бўлади деб айтсангиз, унда Аллоҳга нолойиқ бўлган кўп нарсаларни исбот қилишга мажбур бўлинади. Ваҳоланки бу маъноларни Аллоҳга нисбатини бериб бўлмаслигига сизлар билан орамизда ихтилоф йўқ. Масалан: Нисён(унутиш) ва малолланиш каби. Аллоҳга исбот қилиш борасида эса бизда ўз қоидамиз бор: Ақл Аллоҳга исбот қилишни тўғри деб билса ва лафзда ўша маъно нисбат қилинган бўлса, шундагина Аллоҳга исбот қилсак бўлади. Ақл уни Аллоҳга нисбат беришини инкор қилиб турса исбот қила олмаймиз. “Аллоҳнинг ҳақиқий маънода қўли бор, кайфияти бизни қўлимизни кайфиятидек эмас”, деб айтиш ҳам хатарли гаплардан ҳисобланади. Чунки бунда кайфиятни исбот қилиш бор. Яни “Аллоҳнинг қўлини кайфияти бору лекин биз билмаймиз”, дегани бўлади. Кайфият эса жисмларнинг сифати ҳисобланади. Кайфият жисмда бўлади. Кайфият ва жисмни бир биридан айириб бўлмайди. Кйфиятни исбот қилиш билан жисм исбот қилиш лозим келади. Аллоҳ таолонинг жисм бўлиши мумкин эмаслигини юқорида баён қилиб ўтдик. Демак, муташобиҳ оятларни ақл ва нақлнинг далолатларидан келиб чиқиб тушунишимиз энг тўғри йўл бўлади. Нақлий далилларимиз эса, албатта, муҳкам оятлар бўлади. Чунки, муҳкамлар аниқ бир маънога далолат қилгани учун уларда қайси маъно ирода қилинган экан деган иккиланиш бўлмайди. Маъноси аниқ бўлган оятлар(муҳкам) ёрдамида маъноси ноаниқ бўлган оятлар(муташобиҳ)га илмий асосда ёндашамиз. Шу маънода муҳкам оятлар муташобиҳ оятларни тушунишдаги умумий чегарани аниқлаб беради. Бу маъно Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси 7-оятида ҳам баён қилинган. Шундан кели чиқиб айтишимиз мумкинки “яд” калимасини ҳақиқий маъносида тушунамиз десак, шууро сурасида келган муҳкам оятга зид келиб қолади. Яни азо маъносидаги қўл дейилса бошқа мавжудодларнинг қўлларига ҳақиқатида ўхшаб қолади. Чунки инсонни, ҳайвонларни ҳаттоки жонсиз нарсаларнинг ҳам масалан эшикнинг қўли бор. Ҳаммасининг ҳақиқати эса бир хил яни бутунга ёпишган жуз маъносида. Инсоннинг қўли ҳам бутун бир танага ёпишган бир қисм. Ҳайвоннинг қўли ҳам бутун бир танага ёпишган қисм. Эшикнинг қўли ҳам бутун бир танасига ёпишган бир қисмдир. Бу ердаги қўллар бутунга ёпишган бир жуз маъносида бир бирига ўхшайди лекин кайфийяти турлича бўлади. Яни кўриниши, суврати ҳар хил бўлса ҳам қўл ҳақиқий маъносида бир бирига ўхшайди. Бу маъноларни билган ҳолда қандай қилиб оятдаги “яд” калимасига ҳақиқий маънодаги қўл деб айтишимиз мумкин. Бундан “Аллоҳнинг ҳам бир жузи бўлган қўли бор, лекин унинг кўриниши бошқача холос”, деган гап келиб чиқади. Ёки бошқа оят ва ҳадисларда келган “важҳ”, “айн”, “қадам”ларни ҳам зоҳирий азо маъноси(юз, кўз, оёқ)да деб тушунилса бундан қандай маъно келиб чиқишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз. Яни бунда Аллоҳ таоло бир қанча қисмлардан ташкил топган деган гап келиб чиқади. Бир неча қисмлардан ташкил топган нарса эса жисм ҳисобланади. Бунда Аллоҳни жисмларга ўхшатган бўлиб қолади. Бу гапни қайси бир мусулмон журъат қилиб айтиши мумкин. Бундан ташқари муташобиҳ оятларга муҳкамларга зид маъно берсак, муҳкам ва муташобиҳлар орасида қарама-қаршилик юзага келади. Яни муҳкамларда Аллоҳ таолога бирор нарса ўхшамаслиги айтилиб турган бир вақтда муташобихларда ўхшатиш юзага келяпти. Бир шахсдан содир бўлган икки гапни зид келиб қолиши гапирувчисини эс-ҳуши жойида эмаслигига далолат қилади. Эс хуши жойида инсон ҳеч қачон бир бирига зид гапларни гапирмайди. Оддий бир ожиз инсон бир бирига зид бўлган гапларини гапиришини ақлимиз қабул қилмаяптику нега бундай нуқсонни буюк ва мукаммал зотга нисбатан ишлатишимиз керак. Ваҳоланки Буюк зотга нисбатан бундай дейиш куфр ҳисобланади. Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий маъносида тушунамиз деб даъво қилувчилар шу жиҳатларга эътибор қилармикинлар. Тўғри улар бу гапларидан шундай маънони ирода қилмаган бўлишлари мумкин. Шундай деб ўзларини оқлайдилар ҳам. Лекин инсон хохлаган гапини гапириб хохлаган маъносини ирода қилиши тўғри эмас. Чунки айтилган гап кўзланган маънони ифода қилиб бериш керак. Улар айтган гаплари эса биз юқоида келтириб ўтган бир қанча хатоликларни келтириб чиқаради. Бу худди «Қуёш чиқди», деган гап «тонг отди», деган маънони, “сувни ич” деган гап “суюқликни ич” деган маънони лозим тутгани кабидир. Қуёш чиқди деган гапни айтган инсон тонг отганини ирода қилмадим деб инкор қилиши, сувни ич деган гапни айтган одам суюқликни назарда тутмадим деса буни қандай тушуниш мумкин. Ҳеч қачон бу гапларни айта туриб улардан келиб чиқадиган маъноларни ирода қилмаслик мумкин эмас. Чунки, қуёшнинг чиқиши ва тонгнинг отиши ҳамда сув билан суюқлик маънолари бир биридан ажрамайди. Шунинг учун тонг отмаганини ва суюқликни ирода қилмаганини ифодаламоқчи бўлган одам шу маънони инкор қилиб қўймайдиган бошқа бир иборани қўллаши лозим бўлади. Ўзи хато гапни гапириб қўйиб эшитувчиларни маломат қилиши жоҳиллик ва инсофсизликдир. Аллоҳ таолони ҳар қандай нуқсонлардан покламоқ ақоид илмининг энг катта мақсади ҳисобланади. Кўплаб динлар ва ислом ичидаги ақидада адашган тоифаларнинг кўплари шу нуқтада хато қилганлар ва эътиқоди бузилган. Демак биз ҳам улар каби адашиб қолмаслигимиз ҳамда масаланинг зоҳирига алданиб қолмаслигимиз керак, балки масаланинг моҳиятини англаб етишимиз даркор. Бунда биз тўғри йўлдаги уламоларимиз гапига қулоқ солишимиз керак. Уламоларимиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин улар бизга ҳақ ва ботил эътиқодларни тушунтириб бердилар. Агар улар бизга батафсил тушунтириб бермаганларида масаланинг моҳиятини тушунмасдан, жимжимадор сўзларга алданиб қолишимиз мумкин эди. Аслида бу маъноларни уламоларимиз минг йиллар олдин баён қилиб кетганлар. Бизларга эса улар қолдирган илмий меъросни ўрганиб, унга амал қилиб, кейинги авлодга соф ҳолда етказишимиз қолган холос. Хулоса қилиб айтганимизда: Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда келган яд, важҳ, нафс, айн, қадам, истиво каби калималар иштирок этган муташобиҳ оятларни ақл ва нақл қатъий белгилаб берган Аллоҳ таолонинг пок Зотига муносиб тушунишимиз керак. Муташобиҳ оятларни тушунишдаги энг тўғри йўл ҳам шудир. Хар хил йўллар ва турли услублар орқали эътиқодимизни бузишга қаратилган фаолиятларга чалғимаслигимиз ва ҳақ йўлдаги уламоларимиз этагини маҳкам ушлашимиз лозим. Масаланинг моҳиятини англаб етмасдан туриб, жимжимадор сўзларга учиб уламоларимизни маломат қилиб қўйишдан сақланишимиз лозим. Оятни нотўғри тушуниш, айтаётган гапини оқибатини ўйламасдан туриб биз ҳақиқий аҳли суннамиз дейиш билан аҳли сунна бўлиб қолмайди. Балки унинг тушунчаси аҳли сунна тушунасига мувофиқ бўлсагина аҳли суннадан ҳисобланади. Бўлмаса қуруқ даводан нарига ўтмайди. Ҳақ йўлдаги аҳли суннанинг тушунчасини эса шу силсилага боғланган ва устозлари эътироф этган уламоларимиздан ўрганамиз. Аллоҳ барчаларимизни ўзининг ҳидояти билан ҳидоятлантириб, тўғри йўлидан адаштирмасин. Билим юрти мударриси: Иқболжон домла Қамбаров тайёрлади.