МАҚОЛАЛАР Муташобиҳларни тўғри англаш 5 января, 2024 0 164 1-қисм Бандаларига синов ўлароқ баъзи муташобиҳ оятларни нозил қилган Аллоҳ таолога хамду саноларимиз, шаръий матнларни тушунишда бизга ўрнак бўладиган намуналарни тарбиялаб берган Мухаммад Мустафога саловату саломларимиз бўлсин. Муташобиҳ оятларни тўғри тушуниш қоидаларини баён қилиб берган уламоларимиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин. Қуръони карим оятлари орасида муҳкам ва муташобиҳлари бор. Муҳкам луғатда “яхшилаб қилинган”, “маҳкам қилинган”, “бузилмас” деган маънони англатади. Муҳкамнинг истилоҳий маъноси тўғрисида кўплаб таърифлар берилган бўлиб, уларнинг энг мўътабар ва машҳурларидан бири Ломиший роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги таърифидир. ما احكم المراد به قطعا ولا يحتمل الا وجها واحدا “Ирода қилинган маъноси қатъий равишда очиқ-ойдин бўлиб, фақат битта маънонинг эҳтимоли бўлган оятлар муҳкам дейилади”. Муташобиҳ луғатда “ўхшаш”, “ноаниқ”, “аралаш” каби маъноларни англатади. Арабларда икки нарса бир-бирига ўхшашлиги туфайли аралашиб кетганда ва уларни бир-биридан ажратиб олиш қийинлашиб қолганда ушбу сўз ишлатилади. Муташобиҳнинг истилоҳий маъносини Ломиший раҳматуллоҳи алайҳ бундай таърифлаган: المتشابه ما اشتبه به مراد المتكلم على السامع لاحتماله وجهين مختلفين “Бир-бирига зид икки хил маънонинг эҳтимоли бўлгани учун сўзловчининг ирода қилган нарсаси эшитувчига ноаниқ бўлиб қолган сўзлар муташобиҳ дейилади”. Муҳкам оятларнинг далолати аниқ бўлгани учун тушунишда муаммо бўлмайди. Муаммо муташобиҳ оятларда бўлади. Бир қанча маноларни эҳтимол қилгани учун қайси бири ирода қилинганини билиш мушкул бўлади. Аҳли сунна уламолари мана шундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини минг йиллар илгари айтиб, тушунтириб, қоидаларини баён қилиб берганлар. Бизларга эса уларнинг таълимотини ўқиб ўрганиш қолган холос. Янгитдан нималарнидир кашф қилишга ҳожат йўқ. Бугунги кунда кимлардир ўзларича янги фикрларни ўртага қўйиб, уни олға суришга ҳаракат қиляптилар. Бу билан чекланиб қолмасдан уларнинг фикрларига эргашмаганларни маломат қилиб, “адашганлар” деб айтишгача боришяпти. Уларнинг даъвосидан келиб чиқадиган бўлсак аввалги бир неча асрлик эътиқодларнинг хатолиги лозим келиб қолади. Келинг ушбу мавзуни холис ўрганиб чиқайликда сўнгра хулоса қилайлик. Шунда қайси йўл тўғри экани ойдинлашади. Аввал, аҳли сунна вал жамоа уламолари асос солган йўлни баён қиламиз: Бу йўл икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда фақат битта йўналиш бор бўлиб, ундан юриш шарт ва вожиб. Бошқа вариант йўқ. Иккинчи босқичда эса иккита йўналиш бўлиб, унда танлов ихтиёри бор. Билим юрти мударриси: Иқболжон домла Қамбаров тайёрлади.