МАҚОЛАЛАР Наботот мўъжизалари 6 августа, 2022 0 132 Бир донишманд кишидан: “Менга бир мўъжиза кўрсатинг-чи?” деб сўралганида: “Менга мўъжиза бўлмаган нарсани кўрсат, сенга унинг мўъжиза эканини исботлай”, деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳар яратиғи шундай мукаммал яратилганки, бир оламдаги бир оилага кирувчи нарсаларнинг ўзи турли усулларда кўпайиб, бошқа-бошқа вазифаларни бажаришини кузатиш мумкин. Биргина ўсимликлар оламининг кўпайиш жараёни икки хил: жинсий ва жинсий бўлмаган. Биз, одатда, кўпайиш деганда уларнинг биринчисини тушунамиз. Чунки бу биологик жараён натижасида она организмидан худди ўзига ўхшаган митти организм – янги ҳаёт дунёга келади. Аммо жинсий бўлмаган кўпайиш жараёнига ҳам кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Қарангки, бунда ҳам янги организм асосий она организмдан ажралиб, кейин мустақил равишда ўсиб, худди ўша она организм каби шаклга киради. Олимлар буни “ривожланишнинг алоҳида ҳолати” деб таърифлаган. Оддий мисол сифатида ўсимликлардан бутоқ чиқаришини олайлик. Баъзи дарахт ё ўсимликларнинг шохи кесиб олиниб, унумдор тупроққа экилса ва парвариш қилинса, ўша шох илдиз отиб, мустақил ўсимликка айланади. Айримларида исталган шохни кесиб олиш, қайсиларидадир ажратиб экиладиган махсус шохчаларнигина олиш мумкин. Уларни шу ўсимликнинг уруғига ўхшатиш мумкин. Алоҳида уруғлар ва уларнинг унумдор тупроққа экилиши натижасида янги ўсимлик пайдо бўлиши эса фанда жинсий кўпайишнинг бир қисми сифатида қаралади. Ўсимликлар оламидаги жинсий кўпайиш битта ўсимликнинг ўзида ёки бошқа-бошқа ўсимликда жойлашган эркак ва аёл ҳужайраларнинг чатишиши натижасида рўй беради. Бу ҳақда Қуръонда: «У… осмондан сув туширган Зотдир. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик», (Тоҳо сураси, 53-оят) дейилган. “Жуфт” сўзи араб тилидаги “завж” сўзининг таржимаси бўлиб, асл маъносини “бир жуфтнинг ярми” дейиш мумкин. Ҳаж сурасининг 5-оятида: “Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки унга сув туширсак, у сесканади ва кўпчийди. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстиради”; Луқмон сурасининг 10-оятида: “Ва осмондан сув тушириб, у билан у (ер юзи)да турли серунум жуфтларни ўстириб қўйдик”; Раъд сурасининг 3-оятида: “У ерни ёйиб… барча мевалардан жуфт-жуфт қилган Зотдир”, деб одамларга эслатма берилади. Маълумки, мева ўсимликларнинг кўпайиш жараёнидаги сўнгги босқичдир. Унгача мева гул кўринишида бўлади, гулнинг оталик ва оналик қисмлари борлиги аниқланган. Гулнинг оналик қисми чангланиши ёки уруғланиши натижасида мева пайдо бўлади. Мева эса уруғни маълум вақт ҳимоя қилади, кейин пишиб, йўқ бўлиб кетади ва уруғни озодликка чиқаради. Барча мевалар шунинг учун ўша ўсимликда эркак ва аёл аъзолари борлигига ишора қилади. Қуръон оятидан ҳам айнан мана шу маънони тушуниш мумкин. Баъзи ўсимлик навларида уруғланмаган гуллар мева тугади. Масалан, парсенокарпик мевалар: банан, ананаснинг баъзи турлари, анжир, апельсин ва узум. Аммо шу мевалар ҳам жинсий аъзолари бор ўсимликларда пишиши замонавий илм-фан томонидан аниқланган. Кўпайиш жараёнининг энг чўққиси уруғнинг ўз қобиғидан (баъзи шунчаки мева, баъзан маҳкам данак ичидан) ажралиб чиқишида кўрилади. Бу ажралиб чиқиш натижасида уруғ илдиз ота бошлайди ва мана шу илдиз ёрдамида тупроқдан ўзига керакли моддаларни сўриб олиб, янги ўсимлик сифатида аста-секинлик билан бош кўтаради. Қуръон бу ҳақда бундай баён қилади: “Албатта, Аллоҳ донни ҳам, данакни ҳам ёрувчидир” (Анъом сураси, 95-оят). Қуръон ўсимликлар оламининг жуфт-жуфт қилиб яратилгани ҳақида гапириш билан бирга коинотдаги бошқа кўплаб нарсалар ҳам жуфт-жуфт яратилганига ишора қилади. Ёсин сурасининг 36-оятида: “Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган Зот покдир”, дейилган. Исломнинг илк даврида “инсонлар билмайдиган нарсалар” деб нималарга ишора қилингани ҳақида бугун кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бугун биз чексиз даражадаги кичик моддалардан чексиз даражадаги улкан моддаларгача жуда кўп нарсалар жуфт-жуфт яратилгани ва бу нафақат жонли организмлар, балки жонсиз нарсаларга ҳам оид эканини биламиз. Кўриниб турибдики, Қуръонда берилган маълумотлар замонавий илм-фан билан тўлиқ уйғунлик касб этади. Ҳидоят журналидан