МАҚОЛАЛАР НАМОЗДАН КЕЙИНГИ ЗИКРЛАР ВА УЛАРНИНГ ЎРНИ 16 декабря, 2022 0 1,915 Намоздан кейин ўқиладиган Оятал курси ва зикрлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, мустаҳаб даражасидаги амаллардир. Уларга доимий амал қилиб юриш катта савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Намоздан кейинги тасбеҳлар. Намоздан кейинги тасбеҳлар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: قال رسول الله صل الله عليه وسلم: مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ (رواه الامام مسلم) яъни: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллаҳ”, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса бу тўқсон тўққизта бўлади, юзинчисида “Лаа илааҳа иллал лооҳу ваҳдаҳу лаа шарийкалаҳу луҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодир” деса, агарчи гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади” (Имом Муслим ривоятлари). Намоздан кейин «Оятал курсий» ўқиш. Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида шундай дейдилар: عن الحسن بن علي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صل الله عليه وسلم: من قرأ آية الكرسي في دبر الصلاة المكتوبة كان في ذمة الله إلى الصلاة الأخرى (رواه الامام الطبراني). яъни: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсини ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари). Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади: عن أبي أمامة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صل الله عليه وسلم: من قرأ أية الكرسي دبر كل صلاة مكتوبة لم يمنعه دخول الجنة إلا أن يموت (رواه الامام النسائي). яъни: “Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривоятлари). Демак, намоздан кейинги зикру тасбеҳлар тилга осон бўлишига қарамай, қиёмат куни амаллар тарозусини тўлдириб, оғир босади. Бу Аллоҳ таолонинг биз Ислом умматига берган катта имтиёзи ва марҳаматидир. Диёримизда қадимдан ушбу гўзал Набавий тавсияларга амал қилиб келинмоқда ва бунинг баъзилар даъво қилгани каби шариатимизга зид келадиган жойи йўқ. Намоздан кейинги зикрларнинг ўрни. Ушбу намоздан кейинги зикрларни Ҳанафий мазҳабимиз уламолари фарз ва суннат ўртасида эмас, балки намознинг охирида ўқиш суннатга мувофиқ бўлишини таъкидлайдилар. Бунга Оиша онамиздан нақл қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтиришган: كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَقْعُدُ إلَّا بِمِقْدَارِ مَا يَقُولُ : اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْك السَّلَامُ تَبَارَكْت يَا ذَا الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ (رَوَاهُ الامام مُسْلِمٌ وَالامام التِّرْمِذِيُّ). яъни: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам (фарз намозининг охирида) салом берганларидан кейин фақат “Аллоҳумма антассалаам ва минкас салаам табаарокта я залжалали вал икром” дейдиган миқдорича ўтирардилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари). Бошқа ўринда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: عجلوا الركعتين بعد المغرب ليرفعا مع العمل (رواه الامام البيهقي عن حذيفة رضي الله عنه( яъни: “Шомдан кейинги икки ракаат суннатни шошилтиринглар. Тоинки, фарз билан суннат биргаликда Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилсин!” (Имом Байҳақий ривоятлари). Қуйидаги ҳадис ҳам юқоридаги маънони қўллаб қувватлайди: من صلى بعد المغرب ركعتين قبل أن يتكلم كتبتا في عليين ( رواه الامام عبد الرزاق عن مكحول مرسلا(. яъни: “Ким шомдан кейин (одамлар билан) гаплашишдан аввал икки ракаат (суннат) намоз ўқиса, ўша икки ракаат Иллийинга ёзилади” (Имом Абдурраззоқ ривоятлари). «Иллийин» — аршга осилган лавҳ бўлиб, унга бандаларнинг амаллари ёзилади. («Тафсири Қуртубий» китоби, Ибн Аббосдан ривоят қилинган). Бу ҳадисни шарҳлаб Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Ҳадисдаги “гаплашишдан аввал” ибораси зикрми, одатий сўзларми ҳаммасини ўз ичига олади (яъни, фарздан кейин туриб дарҳол суннат ўқиш керак, деган маъно келиб чиқади). Лекин юқорида Оиша онамиздан ривоят қилинган миқдорда фарз ва суннат ўртасини бўлиш истисно қилинади (яъни, жоиз бўлади). Фарз ва суннатнинг ўртасини ажратиш мазкур миқдордан ошиб кетса, мана шу ҳадис сабабли ман қилинади. Агарчи ҳадис шом намозининг суннати ҳақида хос бўлиб келган бўлса ҳам, унинг ҳукмига пешин ва хуфтон намозларининг суннатлари ҳам қўшилади. Чунки суннат намозларининг умумий ўхшашлиги бор, у ҳам бўлса фарзни тўлдирувчи сифатида унга тобеъ (эргашувчи) қилиб қўйилганидир” Бу мавзуда Аллома ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: وَأَمَّا مَا وَرَدَ مِنْ الْأَحَادِيثِ فِي الْأَذْكَارِ عَقِيبَ الصَّلَاةِ فَلَا دَلَالَةَ فِيهِ عَلَى الْإِتْيَانِ بِهَا قَبْلَ السُّنَّةِ ، بَلْ يُحْمَلُ عَلَى الْإِتْيَانِ بِهَا بَعْدَهَا ؛ لِأَنَّ السُّنَّةَ مِنْ لَوَاحِقِ الْفَرِيضَةِ وَتَوَابِعِهَا وَمُكَمِّلَاتِهَا فَلَمْ تَكُنْ أَجْنَبِيَّةً عَنْهَا ، فَمَا يُفْعَلُ بَعْدَهَا يُطْلَقُ عَلَيْهِ أَنَّهُ عَقِيبَ الْفَرِيضَةِ . яъни: “Намоздан кейинги зикрлар ҳақидаги ҳадисларда уларни суннатдан аввал қилиш кераклигига далолат йўқ. Балки суннатдан кейин зикр қилиш кераклиги тушунилади. Чунки суннатлар фарзларга қўшилувчи, эргашувчи ва уларни мукаммал қилувчидир. Суннатлар фарзлардан айро эмас. Суннатдан кейин қилинган зикрларни ҳам, фарздан кейин бажарилган ҳисобланади” (“Раддул муҳтор” китоби). Баъзи ҳадисларнинг зоҳиридан тушинилган фарз намозларидан кейин дарҳол зикрлар қилиш масаласини уламоларимиз юқоридаги кўринишда, суннатдан далил келтириб ҳал қилганлар. Бу каби масалаларда фуқаҳоларимиздан ҳеч ким ҳадисни қўйиб, ўз фикрини олға сурмаган. Шундай экан, фарзу суннатларни тугатгандан кейин зикр қилиш ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларию феълларига мос келиб турганда, одамлардан ажралиб қолиб, улар суннат намозини ўқишга турганда анчагина ўтириб қолиш, натижада турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқариш ибодатнинг савобини кетказиб қўяди. Бу масалада нафсу хоҳишимиз билан эмас, балки суннатга мувофиқ йўл тутсак, айни муддао бўлар эди. Билим юрти матбуот хизмати