НАМОЗНИ ҚАСДДАН ТАРК ҚИЛГАНГА ҚАЗО ВОЖИБ ЭМАСМИ?

0
13

«Қасддан тарк қилинган намознинг қазоси вожиб эмас» деган иддао ва унга раддия

 

«Салафийлар»нинг аҳли суннага зид даъволаридан яна бири «намозни шаръий узрсиз, қасддан тарк қилган одам унинг қазосини ўқимайди», деб айтилган фатволаридир. Шуни яхши билиб олиш керакки, бу уммати муҳаммадиянинг салаф ва халафларидан иборат катта уламоларнинг фикри ва иттифоқига қарши, ижмоларига хилоф фатводир!

Намознинг фарзиятини инкор қилмаган ҳолда, шаръий узрсиз тарк қилган одамга айни ўша намознинг қазосини ўқиш фарз бўлади. Бу масалада уммат мужтаҳидларининг иттифоқига қўшилмаган биринчи шахс Ибн Ҳазм Зоҳирийдир.

Кейинчалик мусулмонлар ижмосига қарши чиқарилган бу қарашни Аҳмад ибн Таймия Ҳарроний ва унинг яқин талабаси Ибн Қайюм Жавзий ҳам маъқул топишди. Ибн Қайюм Жавзий «Китобус солат ва аҳкаму тарикиҳа» номли китобида бу ҳақда батафсил ёзади. Китоб гўёки ибн Ҳазм Зоҳирийнинг мазҳабини ривожлантиришга аталгандек туюлади. Ибн Қайюм Жавзий бу китобида Ибн Ҳазм қилолмаган «катта иш»ларни қилган. У тополмаган «далиллар»ни топиб келтирган.

Ҳозирга келиб эса бу масала юқоридагиларнинг фикрларини байроқ қилган «салафийлар» орасида кенг тарқалди. Аҳли суннат – тўрт фиқҳий мазҳаб тарафдорлари билан тортишув майдонида кўп баҳс қилинадиган масалалар қаторига қўшилди. Улар намознинг фарзлигини тан олиб, дангасалик туфайли ўқимаган осийларни имонидан маҳрум қилишиб, қатл этилишга маҳкум деб қатъий қарор қилишади.

Аҳли суннат уламоларининг таълимоти бўйи-ча намозни қасддан тарк қилган киши, модомики унинг фарз эканини тан олса, кофир бўлмайди. Балки катта гуноҳ қилган фосиқ ҳисобланади. Унинг гарданига намознинг қазосини ўқиш ва истиғфор айтиб тавба қилиш вожиб бўлади.

Аслини олганда, банданинг зиммасида адо қилинмасдан қолган ибодатлар хоҳ намоз, хоҳ рўза, хоҳ ҳаж бўлсин, ҳаммаси гўё Аллоҳга тўланиши керак бўлган қарз ўрнида бўлади. Бунга далил сифатида қуйидаги ривоятни келтириш мумкин.

Имом Бухорий саҳиҳ тўпламининг «Рўза боби»да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги мазмундаги хабарни келтиради: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради: «Эй Расулуллоҳ, менинг онам вафот этди, зиммасида бир ойлик рўза қолиб кетганди. Уни онамнинг номидан қазо қиламанми?» Шунда Расулуллоҳ: «Албатта, Аллоҳнинг дайни (қарзи) бошқалардан кўра қазо қилинишга (қазо йўли билан тўланишга) ҳақлироқдир!» деб жавоб бердилар».

Яна, ҳаж бобида Имом Бухорий ҳазратлари Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги мазмунда ривоятни келтиради: «Жуҳайна қабиласидан бир аёл Расулуллоҳнинг ҳузурлари-га келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилганди, бироқ ҳаж қилолмасдан ўлиб кетди. Энди унинг номидан ҳаж қилишим керакми?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ жанобимиз: «Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Қандай ўйлайсан? Агар онангнинг қарзлари бўлса, тўлаб қўярмидинг?! Аллоҳдан қарз бўлганларнинг қарзларини тўлаб қўйинглар. Аллоҳ вафога лойиқроқдир!» деб насиҳатли жавоб қилдилар».

Икки ривоятга эътибор қилинг: бирида баданий иккинчисида молиявий ибодат ҳақида сўз борган. Расулуллоҳ жаноби олийлари иккисини ҳам банданинг зиммасидаги тўланиши керак бўлган қарзга тенглаштирганлар ва Аллоҳнинг қарзини тўлаш бошқалардан-да зарурроқ эканини таъкидлаганлар. Намоз ҳам рўза ва ҳаж каби Ислом арконларидан бири, баданий ибодатдир. Қиёсан олиб қарасак, унинг қолдирилганлари ҳам тўланиши лозим бўлган қарзи илоҳий бўлади.

 

Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг “Салафийларга илмий раддиялар” номли китобидан

 

 

 

Билим юрти матбуот хизмати.

  • KUN HADISI

    #kun_hadisi KUN HADISI «Sayyid Muhyiddin maxdum » o’rta maxsus islom bilim…
  • Бемазҳаблар ҳақида

    “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”, деб севикли Пайғамбаримиз…
  • Фитнанинг 11та хатар ва зарарлари

    Фитна энг кўп қон тўкилишининг энг катта сабабларидан бўлиб, фитна натижасида жамиятда тал…
Load More In МАҚОЛАЛАР