МАҚОЛАЛАР Ноҳақ азоб беришнинг жазоси 14 января, 2023 0 11 Жаннат башорати берилган ўн кишидан бири бўлган ҳазрати Зубайрнинг ўғли Урва ҳикоя қилади: Саҳобадан Ҳишом ибн Ҳоким розияллоҳу анҳу бир сафар Шомга борган эди. Мусулмон бўлмаган деҳқонларнинг баъзиларнинг бошларига зайтун ёғи тўкилиб қуёшнинг иссиғи остида туришга мажбур қилинаётганини кўрди. – Буларга нега бундай жазо берилди? – деб сўраганида – Булар даланинг солиғини тўламадилар, шу сабабдан уларга шундай жазо берилди, – деб жавоб бердилар. Буни эшитган Ҳишом: – Қасамки, мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай марҳамат қилганларини эшитдим, деди ва қуйидаги ҳадисни ўқиди: “Инсонларга дунёда ноҳақ азоб берган кимсаларга Аллоҳ охиратда қаттиқ азоб беради”. Сўнгра волийнинг ҳузурига борди. Ўшанда Фаластин ҳудудининг волийси саҳобалардан бири бўлган Умайр ибн Саъд ал-Ансорий эди. Ҳишом унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган юқоридаги ҳадисни ўқиди. Буни эшитган волий деҳқонларни дарҳол бўшатиб юборишларини амр қилди[1]. Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ [1] Муслим, Бирр, 117-119; Абу Довуд, Иморат, 32; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 403,468 manba:Hidoyat.uz