Озор берувчи бўлманг!

0
15

«Эй мўминлар! Сизлар Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангиз! Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган нарса (айблар)дан оқлади. Аллоҳ наздида у обрўли киши эди. Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!» (Аҳзоб сураси, 69–70-оятлар).

Аллоҳ таоло мўминларни Бани Исроил пайғамбарлари Мусо алайҳиссаломга озор берганлари каби Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор беришдан қайтарди.

Муфассирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Мусо алайҳиссаломга берилган азиятлар борасида ихтилоф қилишди. Наққош ҳикоя қилади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қавмининг етказган азияти шуки, улар Зайд Муҳаммаднинг ўғли, дейишади”. Ҳолбуки, Зайд Бани Калб қабиласидан Ҳориса ибн Шураҳилнинг ўғли. Қароқчилар босқини пайтида асирга тушиб, Макканинг Уккоз бозорида қул қилиб сотилган эди. Уни Ҳаким ибн Ҳизом ибн Хувайлид сотиб олиб, аммаси Хадича бинти Хувайлидга, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадя қилган.

Абу Воил айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжаларни тақсимлаётганларида ансорлардан бир киши: “Бу тақсимотда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади (яъни адолат қилинмади)”, деди.

Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга зикр қилинганида у зот ғазабландилар ва: “Аллоҳ Мусони раҳм қилсин, дарҳақиқат, унга бундан-да кўпроқ азият берилганида, сабр қилган”, дедилар.

Мусо алайҳиссаломга етган азият эса Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён этилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Бани Исроил қавми яланғоч чўмилишар эди. Мусо алайҳиссалом ўта ҳаёли киши бўлганидан баданини тўсиб олар эди. Шунинг учун қавми: “Унинг чурра ва песи ёки бирор айб-нуқсони бор”, деб ўйлашди. (Бу Мусо алайҳиссаломга оғир ботди.)

Бир куни Мусо алайҳиссалом Шом заминидаги бир булоққа чўмилиш учун борди. Кийимларини ечиб, бир тош устига қўйди. Шунда тош кийимларини олиб қочди. Мусо алайҳиссалом унинг ортидан яланғоч ҳолида: “Ҳой тош, кийимим(ни бер)! Ҳой тош, кийимим(ни бер)!” деганча югурди. Шу алфозда у Бани Исроилнинг улуғлари тўпланиб ўтирган ерга етиб борди. Улар Мусо алайҳиссаломга қарадилар: у тана тузилиши жиҳатидан энг кўркам ва кўриниши энг мутаносиб бўлиб, унда ўзлари айтган бирорта айб ёки нуқсон йўқ эди. Бу иш Аллоҳ таолонинг: “Бас, Аллоҳ (Мусони) улар айтган нарса (айблар)дан оқлади”, деган сўзининг баёнидир» (Имом Бухорий ривояти).

Имом Муслимнинг ривоятида қуйидагича келади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бани Исроил (қавми) яланғоч чўмилишар, бир-бирларининг авратларига кўзлари тушар эди. Мусо алайҳиссалом эса ёлғиз чўмилар (авратига бировларнинг кўзи тушишидан ҳаё қилар) эди. Улар: “Аллоҳга қасамки, Мусо алайҳиссаломни биз билан бирга чўмилишидан фақатгина унинг чурраси борлиги тўсиб туради”, дейишди.

Бир куни у (Мусо алайҳиссалом) чўмилгани борди. Кийимларини ечиб, тошнинг устига қўйган ҳам эдики, тош уларни олиб қочди. Шунда Мусо алайҳиссалом унинг ортидан: “Кийимим(ни бер, ҳой) тош! Кийимим(ни бер, ҳой) тош!” деганча чопиб кетди. (У тошнинг ортидан шу даражада югурдики,) ҳатто одамлар ҳам унинг авратини кўришди. Улар (Бани Исроил): “Аллоҳга қасамки, Мусода ҳеч қандай айб-нуқсон йўқ экан”, дейишди. Тош (одамлар тўпланиб турган жойга келиб) тўхтади (токи унинг айбсиз экани ҳаммага маълум бўлсин). Мусо алайҳиссалом келиб кийимини олди-да, тошни (ҳассаси билан) ура кетди”.  Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳга қасамки, албатта, у тошда Мусо алайҳиссаломнинг зарбидан қолган олти ё етти чандиқ изнинг ўрни бор».

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «(Бани Исроил) Мусо алайҳиссаломга: “Ҳорунни ўлдирди”, деб озор беришди. Чунки Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом тоққа чиқишганида, Ҳорун алайҳиссалом у ерда вафот этади. Мусо алайҳиссалом ўзи ёлғиз қайтганини кўрган Бани Исроил унга: “Сен уни ўлдиргансан, у бизга сендан кўра мулойим ва меҳрибонроқ эди”, дейишди. Уларнинг гаплари Мусо алайҳиссаломга оғир ботди. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарга Ҳорун алайҳиссаломнинг жасадини кўтариб, Бани Исроил қавмининг олдидан олиб ўтишни амр этди. Одамлар Мусо алайҳиссаломнинг ростгўй эканига далолат қиладиган улкан белги-аломатни кўришди: Ҳорун алайҳиссаломнинг жасадида қатлдан, жароҳатдан асар ҳам йўқ эди. Яна айтиладики, фаришталар Ҳорун алайҳиссаломнинг вафоти ҳақида гапиришди. Унинг дафн қилинган ерини “рохм”дан бошқа ҳеч ким билмас эди. Уни Аллоҳ таоло кар-соқов қилиб қўйганди. Мусо алайҳиссалом эса “тийҳ” муддатининг тугашидан икки  ой аввал вафот этди. Ҳорун алайҳиссалом “тийҳ”да Мусо алайҳиссаломдан олдин вафот этди.

Имом Қушайрий раҳимаҳуллоҳ Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло Ҳорун алайҳиссаломни тирилтирди ва у ўзининг ўлдирилмаганини хабар қилгач, яна ўлди”.

Абул Олиядан қилинган ривоятда Мусо алайҳиссаломга туҳмат қилиш учун Қорун бир фоҳишани ёллайди. У одамлар орасида Мусо алайҳиссаломни ўзи билан зино қилгани ҳақида ёлғон хабар тарқатади. Қорун Бани Исроилнинг аъёнлари ҳузурида Мусо алайҳиссаломни шарманда қилмоқчи бўлганида, Аллоҳ таоло ўша аёлнинг тилини рост сўзлатиб қўйиш орқали у зотнинг айбсиз эканини исботлайди.

Бир қавлда Мусо алайҳиссаломга берилган азият уни сеҳргарлик ва мажнунликда айблаш бўлган, дейилади. Лекин биринчиси тўғрироқдир.

Шу ўринда бир масала бор. Мусо алайҳиссаломнинг кийимларини тошнинг устига қўйиб, яланғоч ҳолида сувга кириши – бу ишнинг жоизлигига далил бўлади. Бу жумҳур уламоларнинг мазҳабидир. Унга фақат Ибн Абу Лайло эътироз билдирган ва саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ҳужжат қилган. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзидир: “Сувга чойшабсиз тушманглар, албатта, сувда жинлар бор”.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу гап илм аҳлининг ҳузурида заифдир. Мен айтаманки, Исроил Абдулаъладан қилган ривоятига кўра, чўмилаётганда сатрланиш мустаҳаб бўлади. Ҳасан ибн Али розийаллоҳу анҳумо кичик ҳовузга тушганида, кийимини белига боғлаб олди. Сувдан чиққанида унга шу ҳақда гапирилди. У: “Албатта, мен ўзим кўрмасам-да, мени кўриб турадиган Зотдан сатрландим, яъни Раббим ва фаришталардан”, деб жавоб қилди».

Агар “Мусо алайҳиссалом қандай қилиб тошга худди ақли бор кишига мурожаат қилгандек нидо қилган?” дейилса, жавоб шуки, чунки тошдан ақли бор кишиларнинг феъли содир бўлган. Шунинг учун у зот тошга гапирган.

Нима бўлганда ҳам, Муҳаммад ва Мусо алайҳимассаломга етказилган мазкур азиятлар мутлақо ўринсиз эди. Чунки Аллоҳнинг рисолати учун танлаб олинган бу зотлардан бундай ишлар содир бўлиши мантиққа тўғри келмайди. Энг ёмон тарафи шуки, Аллоҳнинг элчиларига озор бераётганлар улар сабабидан рўшноликка етган кишилар эди. Зеро, Мусо алайҳиссалом Бани Исроилни золим Фиръавннинг ваҳшиёна зулмидан – хорли қулликдан халос этди. Бу Бани Исроил қавми учун янги ҳаёт туҳфа этишдек гап эди, гўё. Улар эса ўзларига шунча яхшилик қилган халоскорларига турли айбларни қўйишди. Ҳолбуки, пайғамбарларни айблаш у ёқда турсин, уларнинг сўзларига шубҳа қилишнинг ўзи жиноят.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти

Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси ўқитувчиси

Мансур ЖАМБИЛОВ тайёрлади.

manba:hidoyat.uz

  • Мотурудия ақидаси асослари

    Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия т…
  • Улуғ зотлар илм фазилати ҳақида

    Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Ку­майлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофа­за қилад…
  • Фитна улкан гуноҳдир

    Динимизнинг икки муқаддас манбаи — Қуръон ва суннатда одамлар орасини ислоҳ қилиш эн…
Load More In МАҚОЛАЛАР