ПАЙҒАМБАРЛАР ШАФОАТИ

0
271

Шафоат масаласига доир ҳужжатлар

Аҳли суннат вал жамоат ақидавий мазҳабимизда пайғамбарларнинг шафоатлари муҳим масалалардан биридир. «Шафоат» луғатда «ёнини олиш, қўллаб-қувватлаш, ҳомийлик қилиш» маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса гуноҳкор мўминларнинг гуноҳларидан ўтишни Аллоҳдан сўрашга айтилади. Пайғамбарлар қиёмат куни Аллоҳнинг изни билан маълум осий мўминларнинг гуноҳларидан ўтишини Аллоҳ таолодан сўрайдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ва марҳамати ила уларнинг тилагини бажо этади ва осийларнинг гуноҳидан ўтади. Шу пайғамбарларнинг шафоати демакдир.

Аҳли суннат раиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур «Ал-фиқҳул акбар» номли асарида масалани бундай баён қилади:

و شفاعة الأنبياء عليهم السلام حق

«Пайғамбарларнинг (уларга Аллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин) шафоати ҳақдир!»

Шафоатнинг ҳақ ва собитлигига аҳли сунна уламолари бир овоздан ижмо қилганлар.

Аҳли қибладан мўътазилийларда шафоат масаласида якдиллик йўқ. Баъзилари мутлақо инкор этади. Баъзилари эса исбот қилади, бироқ улар ҳам уч тоифага бўлинган: катта гуноҳлардан тийилиб, кичик гуноҳлардан сақлана олмаганларгагина шафот тегиши мумкин, дегувчилар; катта гуноҳ қилгану, лекин шу гуноҳига тавба қилганларнинг тавбаси қабул бўлиши учун шафоат лозим бўлади, деб эътиқод қилувчилар; шафоат катта ва кичик гуноҳлардан тийилган солиҳларнинг даражаси яна ҳам кўтарилиши учунгина фойдаси тегади, деб эътиқод қилувчилар (Абулмуъин Насафий, «Баҳрул калом», 235-бет).

Шунингдек, шафоат масаласида адашган тоифалардан хаворижларнинг ҳам хилофи бор. Улар ҳам пайғамбарлар ва солиҳларнинг шафоат қилишларини инкор этишади (Назол Ола Рашший,«Ал бадрул анвар шарҳу фиқҳул акбар», 353-бет).

Китоб ва суннатдан шафоатни исбот этувчи ўринларни кўплаб келтириш мумкин:

وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَى

«Улар фақат у зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).

مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلاَّ بِإِذْنِهِ

«Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас» (Бақара сураси, 255-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақида бундай деганлар:

شفاعتى لأهل الكبائر من امتى

«Умматларимдан катта гуноҳкорлари учун шафоатим ҳақ ва собитдир!» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти).

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Олдинги пайғамбарларга берилмаган беш нарса менга берилди», деганлар ва улар ичида шафоатни ҳам санаб ўтганлар. Имом Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳнинг азондан кейин айтиладиган маъсур дуони ўқиганларга «қиёмат куни шафоатим вожиб бўлади» деган ваъдалари берилган.

Шу ҳадисларга асосан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун шафоатлари собитлигига ижмо қилинган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидавий фатволари Ислом оламида кенг ёйилишига катта хизмат қилган олим – Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: «Шафоат – энг кўп ҳужжатга эга масалалардандир!» деб айтган (Имом Мотуридий, «Тавҳид», 463-бет).

Юқоридаги далиллар мўътазилий ва хаворижлар каби адашган тоифаларга шафоатни исбот этиш учун етарли раддия бўлади. Аллоҳ таоло уларга ва улар каби фикрловчиларга ҳам ҳидоят берсин. Қиёмат куни барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига ноил қилсин!

Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан

Билим юрти матбуот хизмати

Load More In МАҚОЛАЛАР