ҚАЧОН МУМКИН НАРСА МУМКИН ЭМАС БЎЛИБ ҚОЛАДИ?

0
44

“Саддуз заройеъ” (سدّ الذرايع ) фиқҳий атама бўлиб, уни  “воситаларни тўсиш” маъносида тушинишимиз мумкин. Яъни шариатда ман қилинган нарсани қилишга олиб борадиган сабаб ва воситаларни тўсиш, ман этиш деганидир. Демак, шариатимизда, гуноҳга олиб борадиган сабаб ҳам гуноҳ экан.

Масалан, номаҳрам аёлга ҳирс билан тикилиб қараш, у билан ёлғиз қолиш зинога сабаб бўлиши мумкинлигидан ман қилинган. Аллоҳ таоло Анъом сураси 108-оятда шундай марҳамат қилади:

Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар.”

Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Яъни, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам жавобан Аллоҳ субҳонаҳу таолони таҳқирлашига сабаб бўлади.

Бу қоидага эрнинг бевосита ўлимидан олдинги хотинига берган боин талоғи туфайли, хотиннинг меросдан маҳрум қилинмаслиги масаласи ёки меросхўрлардан бирини мерос қолдирувчи қариндошини ўлдирганда  уни меросдан маҳрум қилинишини мисол келтириш мумкин.

Қуръони Каримда ва суннати набавияда ҳам у ёки бу сабабга кўра мумкин бўлган нарса нодурустга айланишига оид мисоллар кўп. Исломда бошлиқлар ва солиқ йиғувчи одамларга турли совғалар олишлари таъқиқланган, ваҳолангки совға ва ҳадя олиш асли тақиқланмаган нарса.

Хуллас, “Саддуз заройеъ” масаласи инсонни тақвога қайтаради, чунки Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадисларида очиқ айтилганки, мусулмон нафақат харом нарсалардан сақланиши керак, балки шубҳали нарсаларни ҳам тарк этмоғи лозим: “Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол.” (Термизий ва Насаий ривоятлари).

 

Манбалар асосида:

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси Ойбек Сотторов тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР