МАҚОЛАЛАР «РАФЪУЛ-ЯДАЙН» МАСАЛАСИ ВА ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ ҲУЖЖАТЛАРИ 2 декабря, 2022 0 150 Фиқҳий истилоҳда «рафъ ул-ядайн» деб намозда қўлларни елка баробарича кўтаришга айтилади. Ўрта осиё халқлари орасида ҳанафий мазҳаби кенг ёйилгани учун, халқимиз намозда бир марта – намозни бошлашдаги «такбири ифтитоҳ» чоғидагина «рафъ ул-ядайн» қилади. Зотан ҳанафий мазҳабининг таълимоти ҳам шу. Аммо баъзида бошқа мазҳабларга таълимотига мос тарзда «рафъ ул-ядайн» қиладиган биродарлар ҳам учраб қолади. Улар худди шу масалада ҳанафий мазҳаби муассисларини «рафъ ул-ядайн» ҳақидаги ҳужжат-ҳадисларни билмаган, яъни уларга етиб келмаган деб ўйлайдилар ва шундан келиб чиқиб бошқа, хусусан шофиий мазҳабига мувофиқ «рафъ ул-ядайн» қиладилар. Аслида шуларнинг ўзлари «рафъ ул-ядайн» борасида ҳанафий уламолар ҳужжат қилган далилларни билишмайди. Агар билганларида ҳанафий мазҳаби уламоларига нисбатан «ҳанафийлар «рафъ ул-ядайн» борасида суннатга зид фатво берган» демаган бўлардилар. Шунга кўра, мақолада «рафъ ул-ядайн» ҳақида Ислом фуқаҳоларининг неча хил фикри борлиги ва хусасан ҳанафий мазҳаби мужтаҳидларининг ҳужжатларини ёритиб беришни мақсад қилдик. Бу масалада аҳли сунна мужтаҳид уламолари орасида уч хил мазҳаб бор. Биринчи. Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари: «Намозхон икки қўлини фақат намозни бошлашда такбири таҳрима айтиш жараёнидагина кўтаради холос, бошқа ўринларда икки қўл кўтарилмайди», деб айтганлар. Ва яна саҳобалардан Али ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо икковлари намозда фақат такбири таҳрима айтишдагина икки қўлларини кўтарган. Бошқа ўринларда қўлларини кўтармаганлар. Шунингдек, салафи солиҳ фуқаҳолардан Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Суфён Саврий ва Ҳасан ибн Ҳайй раҳимаҳумуллоҳ ҳам худди ҳанафийлардек фатво берганлар. Абу Бакр ибн Айёш раҳимаҳуллоҳ шундай деган: «мен ўз даврим фақиҳлари орасида такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлларини кўтарадиган фақиҳни билмайман. Мен билган фақиҳларнинг ҳаммаси фақат такбири таҳрима чоғида қўлини кўтарар эди». Иккинчи. Моликийлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса бу мавзуда: «намозхон намознинг ҳеч бир ҳолатида икки қўлини кўтармайди. Бу бу ҳақида бирор маълумот борлигини билмайман. Намоз такбирларида ҳам, руку ва саждага бориш ё қайтишда ҳам. Лекин намозни бошлашда икки қўлини салгина кўтариб қўйса бўлади» – деган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг айнан ўзидан «Муватто»ни ривоят қилган ровийлардан бири ва энг машҳури Ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ: «имом Моликдан «Намознинг фалон жойида қўл кўтарилади», деб қилинган ривоятларнинг ҳаммаси заъиф суст ривоятлардир» деб айтган. Ашҳаб раҳимаҳуллоҳ эса, имом Моликдан «икки қўл фақат такбири увлодагина кўтарилади», деб ривоят қилган. Яна бир ривоятида эса «Имом рукудан қайтишда «самиъаллоҳу лима ҳамидаҳ» деган чоғи икки қўлини кўтаради», деб айтган. Учинчи. Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ: «намозни бошлашда, рукуга такбир айтганда ва рукудан бошини кўтарганда икки қўл кўтарилади. Саждага кетишда ва ундан қиёмга туришда қўл кўтарилмайди», деган. (Шу ергача барча маълумотлар имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг Мухтасару ихтилафил-улама номли асаридан олинди. 1 – Ж. 199 – Б. Масала 133). Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳар бир фикр эгаси мутлақ мужтаҳидлик мақомига эришган, ўз даврининг илм ва тақвода тенгсиз олимлари бўлган. Ҳар бири шариат номидан бирон фатво айтар экан, албатта бу дунёда ҳам, Аллоҳнинг хузурида жавоб бериш масъулиятини тўлақонли ҳис қилганлар. Имом Абу Ҳанифа ҳам, имом Молик ҳам, имом Шофиий ҳам юқоридаги қарашларида кучли далилларга эга. Бирорталари бедалил бу фатвони берган эмас. Муқаддимада айтиб ўтганимиздек, энди ҳанафий мазҳаби фақиҳларининг далилларини тақдим қиламиз: Билим юрти мударриси Б.Тожибоевнинг ““Салафий”ларга илмий раддиялар” китобидан Билим юрти матбуот хизмати