АДАБИЁТ Рамазонни ҳис қиляпсизми? 21 мая, 2018 0 636 Сакинатлар ўради тамом, Бу роҳатни сиз биляпсизми? Кезаркансиз бахт ичра мудом Рамазонни ҳис қиляпсизми? Саҳарларда субҳ азони, Тутиб кетар еру самони, Ва оғзингиз беркилган они Рамазонни ҳис қиляпсизми? Тун ойнаси синаркан чил-чил, Бомдод пайти роҳатланиб дил, Саждаларда йиғласа кўнгил, Рамазонни ҳис қиляпсизми? Қуёш сиз деб чиққандек гўё, Сизга нурлар йиққандек гўё, Рутубатни билганча рўё Рамазонни ҳис қиляпсизми? Кун қиздирса кундузни обдон, Сиғмай қолса кўксингизга жон, Қайлулани этиб қадрдон, Рамазонни ҳис қиляпсизми? Шом чўкаркан кўтарилиб руҳ, Қучиб олса бемисл шукуҳ, Такбир айтиб, Худо деб улуғ, Рамазонни ҳис қиляпсизми? Дастурхонга таом тўлдириб, Қўл узатмай кутиб ўлтириб Турган чоғда нафсни ўлдириб Рамазонни ҳис қиляпсизми? Такрор айтиб кўп ҳамду сано, Ўзин билиб ҳаммадан аъло, Ифторликнинг дуоси аро Рамазонни ҳис қиляпсизми? Меҳр ойи дейдилар азал, Муҳаббат ҳар нарсадан афзал, Яқинларни йўқлаган маҳал Рамазонни ҳис қиляпсизми? Тун киради сокин, мулойим, Қўлларида савоби доим, Таровеҳда турганда қоим Рамазонни ҳис қиляпсизми? Тез ўтмоқда бу ой худди ўқ, Ўчар, ахир, ярқираган чўғ, Унга яна етиш борми, йўқ, Рамазонни ҳис қиляпсизми? Билим юрти мударриси Ўткирбек Муҳаммадсобир