МАҚОЛАЛАР РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ 2 мая, 2019 0 717 Ислом динида фарз бўлган ва ҳақиқий илоҳий маънони касб этган рўза ниҳоятда фазилатли ҳамда буюк амаллардан ҳисобланади. Рўза араб тилида «савм, сиям» дейилиб, луғатда, ўзини тийиш маъносини билдиради. Шариатда эса, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан, ейиш-ичишдан ва шаҳвоний амаллардан ўзини тийиб туришга айтилади. Аллоҳ таоло рўзани фарз қилганини “Бақара” сурасининг 183-оятида “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” дея таъкидлади. Ояти кариманинг маъносига эътибор билан қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло унда «Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Давомида эса «Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда. Оят маъносидан келиб чиқиб рўза янги ибодат эмаслигини, балки барча динларда қадимдан бор ибодат эканлигини тушунамиз. Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Оятнинг сўнгида «Шоядки, тақводор бўлсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахс қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутсаю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади. Ҳадиси шарифлар ҳам рамазон ойи рўзасининг қанчалар улуғ экани, бу ойни ғанимат билиш зарурлиги ҳақида қайта-қайта баён қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Мен учундир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир». (Имом Бухорий ривояти). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламЖаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар». (Имом Бухорий ривояти). Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар. (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривоятлари). Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг рўзасидан бирор нарса камайтирилмайди”, деганлар». (Имом Термизий ривояти). Ҳамюртимиз Қаффол Шоший раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ бу таклифда ўз фазли-карами ва раҳматини кенг қилганини кўриб қўйинглар”, деб қуйидаги нарсаларга ишора қилдилар: “Албатта рўзанинг шариатга жорий бўлишида бу уммат учун олдинги умматларга намуна бордир; Рўза тақвонинг ҳосил бўлишига сабабчидир. Агар фарз қилинмаганда, албатта бу улуғ мақсад йўқ бўлар эди; Рўза саноқли кунларга хослангандир. Агар уни абадий қилганда эди, албатта улуғ машаққат ҳосил бўлар эди; Албатта Аллоҳ таоло рўза учун Қуръон нозил қилинган, ойлар ичида энг улуғи бўлган Рамазонни хослади; Рўзани фарз қилиб юклашда машаққатни кетказиш бор. Рўза машаққатли бўлган мусофир ва касалга уни кечиктиришни мубоҳ қилди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рўзани фарз қилишда раҳматидан бу турларини риоя қилди. У Зот учун ҳисобсиз неъматларига ҳамду санолар бўлсин!” Рўза фарз эканлигининг ҳикмати чексиз, албатта. Рўза Аллоҳ учун қуллик, буйруқларига бўйсуниш ва ҳаромларидан сақланишдир. Рўза нафсни тарбия қилиш, уни сабрга ўргатиш ва Аллоҳ йўлида машаққатларни гарданига олишдир. Рўза қатъийлик ва ирода қувватини тарбия қилади. Рўза инсонда муҳаббат, меҳр, меҳр-шафқат малакасини тарбия қилади. Рўза сабабидан Аллоҳ таоло инсонни қалби мулойим, нафсни яхши қилади ва унда иймоннинг яширинган нурларини қўзғатади. Тақво рўзадор фойда топган энг яхши самарадир. У билан келгуси ҳаётини Аллоҳ таоло белгилаб бергандек ўтказишга ҳаракатда бўлади. Рўзанинг айтилганлардан ташқари яна кўп ҳикмати, фазилатлари, хайру баракаси бисёр. Роббимиз ана ўша хайру баракага ҳаммамизни сазовор қилсин! Рамазон ойи бутун халқимизга муборак бўлсин! Ушбу муборак онларни ибодату итоатда, тинчликда, офиятда ўтказишимизни Ўзи насиб этсин! Билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Маҳмудов Рустамжон