МАҚОЛАЛАР Сабаби нузулнинг ўрганишниг фойдалари 23 февраля, 2024 0 71 Қуръон илмлари ичида Сабаби нузул илми алоҳида ўринга эга. Қуръони Каримни ўрганиш ва ундан шаръий ҳукмлар чиқаришда ушбу илмнинг фойдаси жуда ҳам каттадир. “Қуръони Каримдан ваҳий нозил бўлишига сабаб бўлган нарса, воқеа-ҳодисаларни ўрганиш “Сабаби нузул” дейилади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бирор ҳодиса рўй беради ёки у зотга савол берилади. Шу муносабат ила бир неча оят нозил бўлиб, Аллоҳ таоло уларда мазкур ҳодисага боғлиқ нарсани баён қилади ёки саволга жавоб беради. Ана ўша ҳодиса ва савол Сабаби нузул дейилади. Булардан келиб чиқиб, сабаби нузулни ўрганишнинг фойдаларидан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз. 1. Аллоҳ таоло Қуръонда нозил қилган оятларнинг муайян бир сабаби, ҳикматини билиш мўминга ҳам, мўмин бўлмаганларга ҳам фойда беради. Сабаби нузулни билган мўмин оятнинг инсоният ҳаётида рўй берадиган жумбоқли саволларга, турли мушкулликларга ечим бўлиб нозил қилинганини кўриб, Қуръонни икки дунё саодатига элтувчи Китоб ўлароқ нозил қилинганига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Бу эса ихлоси ва амали зиёда бўлишига ундайди. Мўмин бўлмаган инсонларнинг эса оятнинг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеаларни қандай муолажа қилинганига холисона назар ташлаши туфайли Ислом дини тўғрисида тасаввури яхши томонга ўзгариши, алалоқибат мусулмон бўлиши умид қилинади. 2. Оятларнинг маъносини янада яхшироқ тушунишга ва оятларни яхши тушуниш мобайнида бўладиган қийинчиликларни кетказишга ёрдам беради. Сабаби нузул имлида китоб таълиф этган пешқадам уламолардан Воҳидий раҳматуллоҳи алайҳ: “Оятларнинг тафсирини унинг қиссаларини ва сабаби нузулини билмасдан туриб англаш мушкул”, деганлар. 3. Оятнинг нима ҳақида нозил бўлганлигини аниқ билиш. Бу эса ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйишга, бошқаси билан алмаштириб юбормасликка ёрдам беради. Оятларни ўқиш давомида баъзан илмимиз саёзлиги сабаб оятларнинг маънолари бир-бири билан боғлай оламаймиз, баъзида эса ўша оят ноўрин жой олгандай, гоҳида эса олдинги оятлар билан умуман боғлиқлик жойи йўқдай кўринади. Бундай ҳолларда сабаби нузул илмини ўрганишимиз шу каби тушунмовчиликларга барҳам беради . 4. Ҳар бир оятни эшитган одам учун унинг нозил бўлиш сабабини билиш ёдлашни, тушунишни ва илоҳий Каломни қалбга жо қилишни осонлаштиради. 5. Сабаби нузулни ўрганиш асносида киши Аллоҳ таолонинг ҳаким Зот эканининг яна бир бора гувоҳи бўлади. 6. Сабаби нузулни ўрганган мусулмон турли масалалар, мушкулликларга самарали ечим топиш ва уни оқилона ҳал қилиш малакасига эга бўлади. Бу йўл билан илоҳий дастур – Қуръони Каримда турли воқеалар қандай муолажа қилингани, ҳар ишни ўз ўрнида баён қилиш ва ҳал қилиш нақадар гўзал эканига оятлар ва унинг нозил бўлиш сабабларини ўрганиш асносида тафаккурга эга бўлади. Манбалар асосида Билим юрти мударриси: Акрамхон домла Суяров тайёрлади.