САЛИМ ҚАЛБ

0
16

Бугунги кунимизда энг ноёб нарсалардан бири Қуръони Каримда келган салим қалбдир. Инсоннинг қалби қандайлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Аммо, кишининг амаллари, юриш-туриши ва атрофдагилар билан муомаласи унинг қалби қандайлигини сездириб қўяди. Ноёб деб бемалол айтаётганимизни сабаби ҳам ҳозирги кунда кўпчилигимизнинг амалларимиздан кўриниб турган ҳолатлардан хулоса қилиб айтилмоқда. Энди бевосита шу маънодаги оят билан танишсак: У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига салим қалб ила келар… (Ўша манфаат топар) (Шуаро, 88-89).

Қиёмат кунида мол-дунё ва бола-чақа ёрдам беролмайди. Ундан бошқа нарсаларни гапирмаса ҳам бўлади. Фақатгина салим қалб билан келганлар манфаат топади. Салим сўзининг луғавий маъноси соғлом, покдомон, самимий деганидир. Тафсир китобларимизда  салим қалб кибр, риё, хасад каби барча қалб касалликларидан холи бўлиши деб шарҳланади. Ҳақиқатда, кибр Аллоҳ таолодан бошқасига лойиқ бўлмаган сифатдир. Риёни ҳадиси шарифларда кичик ширк деб аталган. Ҳасад эса солиҳ амалларни йўқ қилишда қўйлар қўрасидаги бўридан ҳам хавфлироқдир. Бошқа қалб хасталиклари ҳам инсонни охир оқибат халокатга олиб боради. Агар қалб салим бўлмаса солиҳ амаллар ҳам фойда бермай қолиши мумкин. Чунки амалларнинг қабул бўлиши қалбдаги ният ва ихлосга боғлиқдир. Аллоҳ ҳузурига тоза қалб билан келганлар, албатта, амалларида холис, хатоларига пушаймон, ожизу нотавонлигига иқрор бўлган ҳолатда яшаб ўтган, ҳар бир ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилиб ўтган бўладилар.

Имом Бухорий Жомеус Саҳиҳда ривоят қилган ҳадисда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Албатта, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса, жасаднинг ҳаммаси соғлом бўлади. Агар у фасод бўлса, жасаднинг ҳаммаси фасод бўлади. Огоҳ бўлинглар, ана ўша қалбдир.

Ўрни келганда Юрак тоза бўлса бўлди, деган фикрнинг нотўғрилигини эслатиб қўйишимиз зарурдир. Уламоларимизнинг бир гаплари бор: Агар қалбинг қанчалик тозалигини ва Аллоҳдан қанчалик қўрқишингни билмоқчи бўлсанг, ёлғиз қолганда қиладиган амалларинга боқ. Ёлғиз қолиш уёқда турсин, ҳаммани олдида гуноҳ қилиб юрадиганлар қандай қилиб юраги тоза бўлишсин?! Қалбнинг тозалиги ҳам, кирлиги ҳам амалларда зоҳир бўлади. Шунинг учун солиҳ амалларни тоза қалб билан қилиш лозим. Амалнинг ўзи билан мақсадга етиб бўлмайди. Амал қилмасдан қалбим тоза дейишлик ғирт ёлғончиликдир.

Атрофимизга эътибор билан назар солсак, оз бўлса ҳам қалби тоза инсонлар бор. Самимий, соддадил, очиқ кўнгил, камтарин инсонларни гоҳида учратиб қоламиз. Дабдаба ва хўжакўрсинни ҳамда ортиқча такаллуфни хоҳламайди. Баъзилар уларни ёш болага ўхшатади. Шундай инсонларни кўриб қолсак, ибратланиб, ўзимизга фойда олиб қолайлик. Бундай инсонлар аввалги саодатли уч асрда, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асри саодатлари, саҳобалар ва тобеинлар даврида жуда кўп бўлган. Улардан кейинги илм-маърифат равнақ топган асрларда ҳам етарлича топилади. Шулардан битта мисол келтириш билан сўзимизга якун ясаймиз.

Тобеинларнинг охиргиларидан, аҳли байт авлодидан бўлган Жаъфари Содиқ розияллоҳу анҳу бир куни масжидда ибодат қилиб турсалар, бир киши келиб, у зотни ўғирига чиқарди. У зотни танимас экан. Пулим шу ерда йўқолди, масжидда сендан бошқа одам йўқ эди, деб туриб олди. Жаъфари Содиқ хазратлари бундай тухматдан бизга ўхшаб тутаб кетмадилар. Балки унга раҳми келиб: Пулинг қанча эди?, дедилар. Кейин уйларига олиб бориб, айтган пулини бериб юбордилар. Кейин ҳалиги кишини пули топилиб қолгач, қайтиб келиб Жаъфари Содиқ хазратларидан узр сўради ва пулини қайтариб бермоқчи бўлди. У зот эса: Сенга ҳадя қилиб берганман, ҳадя қайтиб олинмайди, дедилар.

Бу ҳикояни ҳозирги замонимиздаги одамларга таққослаб кўрсангиз, ноёб сўзини бекорга ишлатмаганимизни яна бир бор тушуниб етасиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизга салим қалб ато қилсин!

 

Раҳматулло қори Умаров,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта

махсус ислом билим юрти мударриси

Load More In МАҚОЛАЛАР