САВОБ МАВСУМИ

0
150

Ҳар бир ишнинг ўз мавсуми ва фурсати бор. Шу мавсумда ўша иш қилинмаса, кўзланга мақсад қўлдан кетади. Деҳқон баҳорда экин экиб, кузда мўл-кўл ҳосил олишни қасд қилади. Тижоратчи мавсумни ғанимат билиб, сотиладиган маҳсулотларни сотиб қолиб, кўп даромад кўришни мақсад қилади. Талаба пухта ўқиб-ўрганиб, имтиҳонга тайёргарлик кўради. Рамазон ойи ҳам мўмин кишининг охиратга заҳира қиладиган мавсумидир. Бу ойда ҳар қандай солиҳ амалга зиёда-зиёда ажр берилади. Лекин бу ойда қўлга киритиладиган энг катта фойда бу рамазон рўзасидир. Чунки рўзанинг савобининг мисли йўқ. Рўзанинг савоби ва мукофотини оламлар Роббиси Аллоҳ таоло беради.

عن أبي هريرة رضي الله عنه أَنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلّم قال:كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон зотининг ҳар бир қилган солиҳ амалининг ажри зиёда қилиб берилади. Ҳар бир солиҳ амал ўн мислдан то етти юз баробаргача кўпайтириб берилади”, дедилар.

عن أبي هريرة رضي الله عنه أَنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلّم قال: «والذي نفسِي بيده لَخَلُوفِ فَمِ الصَّائمِ أطيبُ عند الله مِنْ رِيح المِسْك إنَّما يَذر شهوتَهُ وطعامَهُ وشرابَهُ مِنْ أَجْلي فالصيامُ لي وأنا أجزي به؛ كلُّ حسنةٍ بعشرِ أمثالها إلى سبعمائةِ ضَعف إلا الصيام فهو لي وأَنَا أجزي به»

Имом Моликни “Муватто” асарларида ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда   Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушк-анбар ҳидидан хушбўйроқдир. У (Рўзадор) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. Ҳар бир солиҳ амалининг (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача зиёда қилинур. Фақат рўза эмас.  Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дедилар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу икки ҳадиснинг бирида ҳар бир яхши амалнинг савоби зиёда қилиниб, ўн мислдан то етти юз баробар савобгача кўпайтириб берилиши айтилмоқда. Бошқа бирида эса, ажри кўпайтириб бериладиган амаллар сарасидан рўза истисно қилинмоқда. Рўзанинг савоби етти юз баробар ажрга чекланмасдан, балки, унинг савоби ва мукофотини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олиши очиқ баён қилинмоқда. Чунки рўза Аллоҳ таоло учундир. Рўзанинг савоби эса беҳисобдир. Зеро рўзада ҳам сабр бордир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойини “Сабр ойи”, дея номлаганлар. Сабрли инсонларнинг ажрини Аллоҳ таоло ҳисобсиз беради. Ушбу маънони қуйидаги ояти карима таъкидлаб келади.

Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур». (Зумар сураси 10-оят).

Дарҳақиқат, рўзадор киши Аллоҳ таолонинг тоатига, очлик, чанқоғлик ва ҳолсизликка сабр қилади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло рўзадорга ҳаром қилган нафсоний амаллардан ўзини тияди. Бу машаққат ва қийинчиликлар эвазига рўзадорни Аллоҳ таоло беҳисоб мукофотлайди. Шундай экан рамазон рўзаси ва бу ойда қилинган ҳар қандай эзгу амалларни ғанимат билайлик!

Билим юрти мударриси

ФУРЗУЛОВ АБДУЛАЗИЗ

Билим юрти матбуот хизмат

Load More In МАҚОЛАЛАР