Савоб

0
30

Авжи саратонда ҳансираб, ёниб,
Қоврилиб оловли йўллар тафтида,
Муздайин булоқдан сув ичгач қониб,
Ҳордиқ олганмисан чинор тагида?
Руҳингда сафою танингда мадор,
Умидбахш қўшиқлар куйлаганмисан?
Ўша пайт, ўша он ҳеч қурса бир бор
Чинорни ким эккан – ўйлаганмисан?
Рўбарў келдинг сен тошқин дарёга,
Қолдинг соҳил узра чорасиз, гирён,
Лекин йўлиққандай ажиб рўёга,
Қаршингда бир кўприк бўлди намоён.
Бамисли узала тушган хор вужуд,
Кўтаргай у турфа инсонлар корин.
Ўтдинг сен дарёдан саломат ва бут,
Лекин ўйладингми кўприк меъморин?
Ўрмонлар бағрида сайр этган сайёҳ,
Чангалзор қўйнида саргардон овчи,
Мўъжаз бошпанани кўрдингми ногоҳ,
Уни қолдирмишдир қай бир йўловчи.
Қолдирмиш у сенга қаро кун учун,
Бир чимдим туз билан бир жуфт чақмоқ тош.
Ўйлаб кўрганмисан, бу ҳиммат нечун,
Ўйлаб кўрганмисан, кимдир у ғамдош?
Ҳа, инсон умрининг кечмиши ажаб,
Гоҳ тўнғар, гоҳо у яшнар қулф уриб…
О, балки қайси бир фидойи сабаб,
Юрибсан сен ҳаёт нашъасин суриб.
Айт, ахир ўзинг ҳам то борсан собит,
Кимсага насиба узатганмисан?
Кўчангда лапанглаб ўтганда тобут,
Сен уни тўрт қадам кузатганмисан.
Чорасиз бир инсон учраган дамда,
Унсиз сўроғига қилдингми жавоб?
Айт-чи, билармисан, ёруғ оламда
Буларнинг барчаси аталгай савоб.
Йўқ, йўқ, ўзга эрур бидъат ва карам,
Ҳиммату саҳоват тирикларга хос.
Боболар беътама қурган дунё ҳам
Асли савоб учун қолган бир мерос.
Кимдир тузар уни, кимдир бузади,
Кимдир борини ҳам қилади барбод.
Кимдир таъма билан дунё кезади,
Кимдир ўксук дилни этади обод.
Савоб деб инграйди дунёмиз беҳол,
Зордир у нажотбахш ҳислар сеҳрига.
Жангларда толиққан мажруҳ зот мисол,
Суяниб яшар у инсон меҳрига.
То ҳаёт эканмиз савобга зормиз,
Йилт этган шуъладан диллар файзиёб.
Гоҳ ғамгин, гоҳ эса умидга ёрмиз,
Йўқолмаса деймиз дунёдан савоб,
Ахир унинг билан гуллагай очун,
Ахир унинг билан умрлар шоён.
Фақат савоб борки, жаҳон бус- бутун,
Фақат савоб борки, азиздир Инсон!

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

  • Одамларга “не”лар бўлмоқда

    Дунё қизиқ кўряпмиз секин, Кимдир сўзим оғир олмоқда. Кимларгадир тамошо текин, Одамларга …
  • RASULIM…

    Rasulim, keling bir tavallo aylab, Ko’ngillar gunohga botib bo’ldi-ku. Bersang…
  • БУЮК ОРЗУ…

    Саҳобалар мажлисига эриша олсам, Бориб улар билан кўриша олсам, Ишқнинг карвонига қориша о…
Load More In АДАБИЁТ