МАҚОЛАЛАР Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир 23 мая, 2018 0 902 Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам –эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон. Аллоҳ азза ва жалла бундай буюради: яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят). Шунингдек, Иброҳим сурасининг 31-оятда яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!” деб марҳамат қилганлар. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, бундай кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган. “Садақа” луғатда “инфоқ, хайр-эҳсон” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ёки бажариладиган ҳар қандай нарса садақа саналади. “Садақа” деганда, одатда, фақат муҳтожларга, фақир кишиларга, гадо-тиланчиларга бериладиган нарса тушунилади. Аслида, эса хайр-эҳсоннинг барча турларини ҳам “садақа” деса, бўлаверади. Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорот кабилар киради. Фарзу вожибдан кейинги ўринда турадиган ихтиёрий садақага эса ҳар қандай хайр-эҳсон, худойи, хайрия ташкилотларига, жамғармаларга, етимхона ва қариялар уйларига бериладиган моддий ёрдам ва шу кабилар киради. Шу ўринда, Муборак Рамазон ойида турганлигимиз учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) учун белгилаган ЗАКОТ нисоби ҳақида маълумот бериб ўтсак. Унга кўра 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 188 235 (бир юз саксон саккиз минг икки юз ўттиз беш) сўм атрофида эканини эътиборга олиб, 85 грамм тилло ҳисобидан закот нисоби 16 000 000 (ўн олти миллион) сўм экани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 400 000 (тўрт юз минг) сўм миқдорда закот чиқаришни маъқуллади. Бу йилги ФИТР садақасининг миқдори вилоят, шаҳар ва туманларимизнинг бозорларидаги 2 килограмм буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгиланди. Масалан, 2018 йилда Тошкент шаҳар бозорларида 1 килограмм буғдойнинг нархи ўртача 2500 (икки ярим минг) сўм бўлса, демак 2 килограмм буғдой нархи 5000 (беш минг) сўм бўлади. Бу йилги ФИДЯ миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланди. (манба: muslim.uz) Билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари Абдуғулом Мелибоев