Шаъбон ойининг рўзаси

0
291

Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур.

Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.
Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен: «»Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?» деб сўраганимда, у зот: «Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман», дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон олдидан бир, икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир кишининг одатидаги рўза бўлса тутсин», дедилар.
Бешовлари ривоят қилган.
Сунан эгалари ривоятида: «Қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутманглар», дейилган.
Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб, бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эди.
Исломда бунга ўхшаш иккиланиш, нафл ва фарзларни аралаштириб юбориш ишларига рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан, нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир-икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар.
Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлсаю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади.
Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлса, улар ҳам ўша назр рўзани тутса бўлаверади.
Юқорида зикр этилган сабабларга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутмаганлар», деган ҳадисларига амал қилиб, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.
Одамлар ичида ушбу тафсилотларни яхши тушунмаганлик оқибатида Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса, келажак ҳадисларни ўрганиш жараёнида, иншааллоҳ, билиб оламиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгинасининг рўзасини тутмас эдилар. Балки, ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади». Тўртовлари ривоят қилган.
Ушбу ривоятда асосан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Рамазон ойининг рўзасини тўлиқ тутганларини билиб оламиз. Чунки, Аллоҳнинг амри шундоқ. Рамазондан кейин энг кўп рўзаси тутиладиган ой Шаъбон экан.
Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойнинг кетма-кет рўзасини тутганларини кўрмадим», дедилар. Термизий яхши санад билан ривоят қилган.
Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар. Бундан ҳам Шаъбон ойи рўзаси фазилатли эканини билиб оламиз.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар. Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу ҳадисдан олнадиган фойдалар:
1. Шаъбоннинг ярмидаги кеча фазилатли экани.
2. Мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб қараб ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши.
3. Мушриклик жуда ёмон нарса экани.
4. Хусуматчилик жуда ёмон нарса экани.
Демак, Шаъбон ойи яримлаганда ибодат қилиб мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундоқ фазилатли вақтда ҳам гуноҳни мағфират қилинишига монеъ бўладиган мушриклик ва хусуматчиликдан узоқда бўлиш керак.

Манбалар асосида Билим юрти ходими Мухаммадазиз домла Омонбоев тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР