МАҚОЛАЛАР Шер афзалми ёки қарға? 20 декабря, 2023 0 226 Бир киши ўғлини ишлаб тирикчилик учун пул топиб келишини талаб қилди. Ўғил отасининг талабига рози бўлиб, йўлга тушди. Бир неча соат ўтмасдан ўғил қайтиб келди. Отаси: «Нима учун қайтдинг?» деса, ўғил: «Эй отажон! Мен дарахт остида ўтирган эдим, бир пайт ўлиб қолай деб чўзилиб ётган, касал бир қарғани кўриб қолдим. Бу энди қандай қилиб ризқланаркин, деб ўзимга савол бериб турган эдим, бир пайт шер катта ўлжа билан келди ва ўлжасидан тўйгунича еди. Сўнг, қолганини ташлаб кетди. Ўша заҳоти ҳалиги хаста қарға ундан ортганини келиб, ея бошлади. Демак, ризқ кафолатланган, тайин қилинган экан, деб қайтиб келдим», деди. Шунда ота: «Одамлардан ортиб қолган нарса ҳисобига кун кўрадиган қарғадан кўра, ортиқча қолдиғидан одамлар нафланадиган шер каби бўлишни яхши кўрмайсанми?!» деб айтди. Зеро, Расулуллох с.а.в: «Одам боласи ейдиган таомдан Аллохга киши қўли билан касб қиладиганидан махбуброғи йўқдир»- дедилар Билим юрти мудири: Рустамжон домла Маҳмудов тайёрлади.