Соҳиби узр ким?

0
42

Cавол: Динимизда кимни соҳиби узр дейилади?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Соҳиби узр (узрли одам) – тўлиқ бир фарз намозининг вақтича ёки ундан кўпроқ вақт бетаҳоратлик етиб турган кишидир. Бу ҳақида “Мухтасарул-виқоя” китобида шундай дейилган: “Кимга тўлиқ бир фарз намозининг вақти истиҳоза (касаллик қони), бурундан қон келиши ёки шуларга ўхшаш таҳоратни синдирувчи нарсалар билан ўтса, ҳар бир фарз намозининг вақти учун алоҳида таҳорат қилади ва ушбу таҳорати билан ўша намоз вақтида истаганича фарз ва нафл намозларини ўқийверади. Соҳиби узрнинг таҳоратини вақтнинг чиқиши бузади, масалан қуёш чиқиши каби. Вақтнинг кириши унинг таҳоратини бузмайди, масалан завол каби” (“Таҳорат боби”).

Демак, соҳиби узрга айланиш учун тўлиқ бир фарз намозининг вақти миқдорича бетаҳоратлик давом этиши шарт бўлиб, масалан: бир кишининг бурни ёки тиши ёки бошқа жойи пешин намозининг аввалги вақтида қонашни бошласа ва пешиннинг охирги вақтига бориб тўхтаб қолса, у соҳиби узр саналмайди. Чунки бетаҳоратлик тўлиқ бир намознинг вақтини ўз ичига олмади. Аммо ушбу ҳолатда қон асрнинг вақти кирганидан кейин ҳам давом этиб, аср вақтини тўлиқ қопласа, у ҳолда мазкур одам соҳиби узрга айланади. чунки узр тўлиқ бир фарз намозини яъни асрнинг вақтини ўз ичига олди.

Бир киши соҳиби узрга айланганидан кейин, унинг узри бир фарз намозининг вақти ичида бир марта содир бўлса ҳам, соҳиби узрликдан чиқмайди. Қачонки тўлиқ бир фарз намозининг вақтида узри тўлиқ йўқ бўлса, кейин соҳиби узрликдан чиқади. Бу ҳақда “Мухтасарул-Қудурий”нинг шарҳи “Лубоб” китобида шундай баён қилинган: “Сўнг узрнинг собит бўлиши учун узр бир фарз намозининг вақтини тўлиқ ўз ичига олиши шартдир. Яъни бир фарз намозининг вақти ичида таҳорат қилиб, шу таҳорати билан гарчи фарзларни ўзига чекланиб бўлса ҳам узридан холи бўлган ҳолда намоз ўқишга қодир бўлмаса, соҳиби узрга айланади. Бу аввалда узрнинг собит бўлишининг шарти бўлиб, унинг давом этиши учун эса, бир фарз намозининг вақтида бир марта бўлса ҳам содир бўлиши кифоя қилади. Узрнинг йўқ бўлиши учун эса, мазкур узрнинг бир фарз намозининг вақтида бир марта бўлса ҳам содир бўлмаслиги шарт қилинади”.

Соҳиби узр ҳар бир фарз намоз вақти учун янги таҳорат олади ва ушбу таҳорати билан мазкур фарз намозининг вақтида истаганича намоз ўқийверади. Қачонки ушбу намознинг вақти чиқса, унинг таҳорати синган ҳисобланади ва кейинги фарз намози учун яна қайтадан таҳорат олади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Manba:muslim.uz

  • Abdulloh ibn Muborak

    Tobeʼinlarning eng ulug‘i, faqih, muhaddis, mujohid olim Abdulloh ibn Muborak rahmatullohi…
  • Жаннат аҳлининг сифатлари

    Усома ибн Зайд ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом асҳобига: «Жаннатга шошилаётганлар б…
  • Tashqaridan ko‘ringan o‘lim

    Qorinda to‘plangan gazlar jasadni shishirib yuboradi va bu shish butun vujudga yoyilib, ba…
Load More In МАҚОЛАЛАР