MAQOLALAR Соқолидан хамр томиб турганини кўрсам… 24 мая, 2024 0 182 Толҳа ибн Абдуроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга хотини: — “Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” — деди. У: — Нима учун бундай деяпсан?” – деб сўради. Хотини: — Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” — деди. Толҳа хотинига қараб: — Аллоҳга қасамки, бу уларнинг гўзал хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” — деб жавоб берди. Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб бундай дейди: — Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир! Салаф солиҳлардан бири: “Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни ароқ) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, “Мен сизларнинг олий Роббингизман”), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан” — деган экан. Уламолар айтадилар: “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: “Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”. Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: “Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” — дегин”. Manba:Muslim.uz