МАҚОЛАЛАР Таровеҳни тез-шошилиб ўқиш 28 мая, 2018 0 562 Баъзи ўринларда таровеҳни жуда тез ўқилишини кузатамиз. Қироатлари ҳам жуда тез, сажда ва рукуъларини ҳам тез-тез адо қилиб ўқилади. Имомга иқтидо қилганлар тасбиҳларни баъзан ҳатто уч мартадан ҳам айтиб улгура олишмайди, “аттаҳийёт”ни ўқишса ҳам, саловатларни айтиб улгура олмайдилар. Таровеҳни бундай қилиб ўқиш макруҳи таҳримий эканлигига шак-шубҳа йўқ. Зеро, таъдили аркон, яъни, рукуъ ва саждаларда ҳамда уларнинг орасида аъзолар бир тин олгунча туриш мазҳабимизда вожибдир. Буни фиқҳ китобларимизда “тумонина” ҳам дейилади. Бошқа мазҳаблар наздида таъдили арконни бажармаслик намознинг фасод бўлишига олиб келади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъдили аркон, тумонина қилмасдан намоз ўқиётган кимсани уч марта намозини қайта ўқишига мажбур қилганлар. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: Бир киши масжидга кириб намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид бурчагида эдилар. Ўша киши келиб Расулуллоҳга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва алайка ассалом” деб алик олдиларда: “Қайтиб бориб намозингни ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг” дедилар. Ўша киши қайтиб бориб намоз ўқиди, сўнг келиб салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ва алайка ассалом” деб алик олдиларда: “Қайтиб борб намозингни ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг” дедилар. Учинчи маротаба ўша кимса “Менга ўргатинг” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қачон намозга турсанг, бас, таҳоратни комил қил, сўнг қиблага юзлангин-да, такбир айт ва Қуръонда сенга осон бўлганича ўқигин. Сўнг рукуъ ҳолатда қарор топгунча, хотиржам бўлгунча рукуъ қил. Сўнг тикка ҳолатда адл тургунча бошингни кўтаргин. Сўнг сажда ҳолатда хотиржам бўлгунча сажда қил. Сўнг баробар ва хотиржам ўтириб олгунча кўтарил. Сўнг сажда ҳолатда хотиржам бўлгунча сажда қил. Сўнг тикка ҳолатда баробар тургунча кўтарил. Сўнг намозингни ҳаммасини шундай адо қил”. Сажда ва рукуъда ақалли уч марта тасбиҳ айтиш суннатдир. Тасбиҳларни уч мартадан айтилиши, рукуъ ва саждада ва улар орасида тумонина қилиш ҳамма намозларга – фарзу вожибу суннату нафлларга тегишлидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ўғрилар ичида энг ёмони намоз ўғриси деганлар. “Намозини қандай ўғирлайди?” деган саволга ул зоти шариф: “Рукуъ ва саждасини тўла-тўкис бажармайди”, деб жавоб берганлар. Шунингдек, Қуръон оятларини тафаккур ва тадаббур билан ўқиш лозим. Намозни тез тугатиб олай, деб ўйлаб туриб қироат қилинмайди. Шуларни эътиборга олиб “Фатовойи Сирожиййа”да таровеҳларда қироатни шошилиб ўқиш, рукнларни шошилиб адо этиш макруҳ, деб фатво берилган. Юқорида ўтган баёнотларга кўра, имомларимиз таровеҳларни шошилмасдан, қисқа суралар ҳисобига енгил қироат билан ўқиб беришлари афзалдир. Билим юрти мударриси Абдуғафур Ниёзқулов