Тасаввуфнинг шариатга алоқадорлиги масаласи

0
155

Тасаввуфнинг шариатга алоқадорлиги масаласи

Тасаввуфнинг мақсади инсонларни Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ қилдиришдир. Унга етишиш учун бир неча вазифаларни  бажариш талаб қилинади. Улардан  баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз:
1. Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни «ботиний фиқҳ», яъни  «ички фиқҳ» дейдилар.
Бундан фиқҳ икки қисмга: зоҳирий — «ташқи»  ва  ботиний — «ички»га бўлиниши келиб чиқади.
Уламоларимиз шариат илмларини зоҳирий фиқҳ деб атайдилар ёки оддийгина фиқҳ илми дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради. Мисол учун, таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.
Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни қандай тутишни, хушуъ ва хузуъни – ҳамма-ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.
2. Тасаввуфнинг ақоид илмига боғлиқлиги.
Мисол учун, ақоид илми Аллоҳ таоло эшитиш, кўриш, гапириш, қудрат, ҳаёт, илм каби сифатларга эга экани ҳақида баҳс юритади. Аммо, банда ўзини Аллоҳ таоло эшитиши ёки кўришини бутун вужуди билан қандоқ ҳис қилишини тасаввуф илми ўргатади.
3. Тасаввуф Қуръон ва Суннат ҳақиқатига етиб, унга бутун вужуди билан амал қилишни ўргатади.
Албатта, оят ва ҳадисларни  ўқиш бошқа, уқиш бошқа. Уларни уққандан кейин зоҳирий амал қилиш бошқа, бутун вужуди – жисми, қалби ва руҳи билан амал қилиш бошқа.
Тасаввуф айнан шу нарсани, яъни  Қуръон ва Суннатда келган маъноларни тушуниш билан кифояланиб қолмай, уларнинг моҳиятини англаб етиш, уларга бутун вужуд ила амал қилишни йўлга қўйишни ўргатади. Бошқача айтганда, мужтаҳид уламоларимиз Қуръон ва Суннатдаги маъноларни бизларга тўғри тушунтириб берган бўлсалар, муҳаққиқ, сўфийларимиз ўша маъноларнинг руҳиятини англатиб берганлар.
4. Тасаввуф «қалб», «руҳ», «ақл» ва «нафс» каби маъноларни алоҳида аҳамият ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённи татбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди.
Тасаввуф номларидан бири «руҳий тарбия» бўлгани ҳам шундан. Тасаввуфда қалб, руҳ, ақл ва нафс деб аталадиган маъноларни аниқ билиб олиш катта аҳамият касб этади. Бу нарсаларнинг ҳар бирининг ҳақиқатини англаб етиш ва уларни бир-биридан ажратиб олиш ҳам осон иш эмас.
Ушбу тўрт нарса ҳақида қисқача бўлса ҳам маълумот олишимиз тасаввуфни яхшироқ англашимизга ёрдам беради.
5. Тасаввуф таҳзийби ахлоқни – ахлоқни сайқаллашни йўлга қўяди.
Бунда мўмин-мусулмон банданинг ахлоқи Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимотлари асосида қандоқ бўлиши кераклиги ўргатилади ва уни татбиқ қилиш йўлга қўйилади. Зотан, бу амал  ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир. Ўша фарз амални йўлга қўйиш айнан тасаввуф орқали жорий этилади.
6. Тасаввуф тазкиятун нафсни – нафсни покизалашни ҳам йўлга қўяди.
Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз амал бўлиб, унинг ҳақиқати ва татбиқи тасаввуф орқали бўлади.
7. Тасаввуф тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво, вараъ ва шунга ўхшаш маъноларнинг ҳақиқатини англаб етишга ёрдам беради ва уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилиш бўйича дарслар ва кўргазмали тажрибалар олиб боради.
8. Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.
Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни ҳамма-ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади. Тасаввуфнинг  мақсади  ҳақиқатни кашфу шуҳуд орқали, кўнгил ва виждон кўзи билан билиб олишдир. Шунинг учун тасаввуф юриб бориб кўрадиган йўл бўлиб, ётиб эшитадиган нарса эмас. Доктор Жавод Нурбахш «Сўфийлар беҳишти» деган китобида, тасаввуф буюк машойихларининг сўзларига таянган ҳолда, тасаввуфни сўз орқали таърифлаб бўлмайдиган бир ҳол сифатида ифодалаб, «сўз билан ифодаланувчи нарса тасаввуф эмас» дейди.

Манбалар асосида:
Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта- махсус ислом билим юрти мудири:
Рустамжон домла Маҳмудов тайёрлади

Load More In МАҚОЛАЛАР