Террор – исломга ёт ғоя

0
12

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлса­да, тутаётган йўл (ёки қилаётган иш)лари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.

«Ислом» ва «террор» сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони карим «Наҳл» сураси 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради».

Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради.

Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз (с.а.в) Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.

Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов

Load More In МАҚОЛАЛАР