Туркистон машойихларининг тасаввуф таълимоти ва тариқатлари ривожига қўшган ҳиссалари.

0
249

Биз  Туркистон машойихлари талқинида дедик. Бунинг учун эса аввал: “Турк шайхлари ким?”, деган саволга жавобни аниқлаштириб олишимиз керак. Шу ердаги “турк машойихи” деган сўз бирикмаси, бир қарашда ҳаммага тушунарли ифода. Албатта, бу – “турк шайхлари” деган маънони беради. Аммо, ҳамма гап шундаки, “турк машойихлари”  деганда миллати турк бўлган шайхларнинг ҳаммаси деб тушунилмаслиги керак. “Турк машойихлари” тушунчаси Навоий замонида “яссавия  тариқатидаги шайхлар” деган  соф тасаввуфий маънони англатадиган истилоҳ эди. Яссавия шайхларини “турк машойихлари” дейишга сабаб эса, яссавия соф туркона яъни, туркий элу элатлар орасида кенг ёйилган бир тариқат эди. Шунинг учун “Нафаҳот ул-унс…”  ҳамда “Насойим ул-муҳаббат…”нинг қайси саҳифасида “турк машойихлари” ифодасига дуч келинса, уларнинг бари яссавия тариқатига мансуб шайхлар деб тушунилиши лозим. Ўзи турк қавмидан  бўлса-ю, бошқа тариқат вакили ҳисобланса, бу сўфий “турк шайхлари”  истилоҳига киритилмаган.
Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг Қуръони карим  ва ҳадиси шариф аҳкомларига мос равишда пайдо бўлган тасаввуф таълимотлари Х-ХI асрларга келиб, Ўрта Осиёда ҳам кенг тарқала бошлади. Ўрта Осиё тасаввуф таълимоти тарихига назар солар эканмиз, унинг кўплаб олиму фузалоларга, азиз авлиёларга бой диёр эканига амин бўламиз. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида  яшаб, фаолият юритган Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий каби авлиёлар бугунги халқимизнинг буюк ифтихорларидир. Ана шундай машҳур шайхлардан бири орифлар султони Хожа Аҳмад Яссавийдир. У зот ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчисидир. Хожа Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни ғоятда катта, таъсир доираси жуда кенг эди. Яссавий тариқати ўз давридаёқ деярли Марказий Осиёга ёйила бошлаган. Мовароуннаҳрдан буюк Туркистон, Оқ Эдил, Кавказгача, Хуросон, Эрон, Румгача, Бадахшон ва Шарқий Туркистонгача кенгайиб борган эди. Асрлар давомида Яссавий тариқати муайян тарзда яшаб келди ва келмоқда.
Дарҳақиқат, IX асрдан онгли равишда ривожлана бошлаган тасаввуф ирфони XII-XIII асрларда ўзининг олий босқичига кўтарилиб, нақшбандия тариқатида мукаммал ниҳоя топди. Шу сабабли кейинги асрларнинг энг кенг тарқалган (ғарбда Ҳижозу Яман, шимолда Болқону Волгабўйи, жанубда Индонезиягача урф бўлган) тариқати нақшбандия бўлди. Нақшбандия йўли, айтиб ўтганимиздек, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан анча илгари Юсуф Ҳамадоний ва Абдуҳолиқ Ғиждувоний (вафоти 1179)лар томонидан «Хожагон» сулуки сифатида асос олган бўлиб, унинг машҳур ўн бир қоидасидан саккизтаси ўша XII асрдаёқ шаклланган.
Аҳмад Яссавий тўғрисида дастлабки маълумотлар кўплаб улуғ донишмандларнинг, жумладан Сўфий Муҳаммад Донишманд (XII аср), Хожа Муҳаммад Порсо, Алишер Навоий, Фахриддин Али Сафий, Ҳасан Хожа Нисорий, Султон Аҳмад Ҳазиний, Муҳаммад Тоҳир Эшон Хоразмий, Ғулом Сарвар Лоҳурий, Ҳисомуддин Сиғноқий ва бошқаларнинг асарларида келтирилган. Ушбу муаллифлар асарларида Хожа Аҳмад Яссавийни «Орифлар султони», «Туркистон пири», «Туркистон аҳлининг қиблайи дуоси» каби юксак, шарафли номлар билан атаб келишган.
“Хожа Аҳмад Яссавий”, дейди филология фанлари доктори И.Ҳаққулов, – туркий дунёнинг энг машҳур ва марказий сиймоларидандир, Яссавий илк тариқат муассиси ва тасаввуф шеърияти асосчиси сифатида туркий халқларнинг диний, ахлоқий, ирфоний ва маънавий ҳаётига кучли таъсир кўрсатган. Аҳмад Яссавий ҳаётийлик кенг тармоқ ёзган яссавийлик тариқати ва ҳикматнавеслик анъанаси, айниқса, Ўрта Осиёда ХХ аср бошларига қадар изчил давом этиб келган. Аҳмад Яссавий ижоди таҳқирланган шўро замонларида халқимизнинг унинг ижодиётидан ажралмаганининг сабаби ҳам иймон эътиқодининг собит қолганидандир. Шўро замонлардаги таъқиб ва чеклашларга қарамасдан унинг муборак номи ва шеърлари халқимизнинг кўнглида ва хотирасида яшаб келди.

Билим юрти мудири:
Рустамжон домла Маҳмудов тайёрлади.

Load More In МАҚОЛАЛАР