«Учинчи (ювиш) шарафдир, тўртинчиси исрофдир»(2-қисм)

0
21

Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи айтади:
«Исроф арзимаган нарса учун кўп мол сарфлашдир.
– Исроф инфоқда ҳаддан ошишдир.
– Исроф – кишининг ўзига ҳалол бўлмаган нарсани емоғи ёки ўзига ҳалол бўлган нарсани ейишда мўътадилликдан ортиқча, керакли миқдордан зиёда емоғидир.
– Исроф миқдорда ҳаддан ошишдир, ҳақларнинг миқдорини билмасликдир».
Муновий айтади: «Исроф ҳаддан ошишда узоққа кетишдир».
Қуръони Карим ва араб тилида исроф маъносида «табзир» сўзи ва унинг турланишлари ҳам ишлатилади. Бу сўзнинг исрофдан фарқи ҳам бор, фарқланмай, иккиси бир-бирининг ўрнига ишлатилиши ҳам мумкин.
«Табзир» сўзи уруғни сочиш маъносидан олинган бўлиб, молни ноҳақдан, орқа-олдига қарамай атрофга сочиб юборишни англатади.
Исроф сарф қилиш лозим бўлган нарсани ҳаддан ташқари кўп сарфлашдир. Табзир эса бир нарсани кераксиз жойларга сарфлашдан иборатдир. Албатта, бу нозик фарқ уламоларнинг баҳсларида ўз ифодасини топган. Воқеликда эса кўпчилик тафсирчилар ҳам исроф билан табзирнинг орасини фарқламайдилар. Қуръони Каримда исроф қаттиқ қораланган, исрофчилар турли салбий сифатлар билан сифатланган. Уларнинг оқибати яхши бўлмаслигининг хабари берилган. Бу маънони яхшироқ англаб олиш учун баъзи ояти карималарни келтириб ўтамиз.
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:
«Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва йўқсил йўлчига ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» (26-оят).
Қуръони Карим бой-бадавлат кишиларга ота-оналарига, қариндошларига, мискинларга ва кўчада қолганларга қўлларидаги мол-мулкдан сарфлашни амр қилиш билан бирга,
«Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма!» деб амр қилмоқда.
Ислом нуқтаи назарида исрофчилик ноҳақ, ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Агар ноҳақ ишга, ҳаром-харишга арзимаган пул сарфласа ҳам, исрофгарчиликка йўл қўйган бўлади.
«Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса Роббига ўта ношукр бўлгандир» (27-оят).
Исрофчилар неъматнинг қадрига етмайдилар, унга шукр этмайдилар. Агар шукр этса, ҳеч бир неъматни исроф қилмаган, неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчилар ношукр бўлгани учун ўзларига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-харишга, маъсият ва ёмонликка сарф қиладилар. Улар бу борада шайтонга биродар бўладилар. Шайтон эса ношукрликда донғи кетгандир.
Аллоҳ таоло барчамизга исрофнинг ҳақиқатини ва оқибатини англаб етадиган ва унга қарши кураш олиб бориб, Ўзининг розилигини топадиган аброр бандалардан бўлишимизни насиб этсин!

Манбалар асосида:
Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта- махсус ислом билим юрти мудири:
Рустамжон домла Маҳмудов тайёрлади

  • Солиҳ дўст танланг

    Ўзингизга солиҳлардан дўст танлашга ҳаракат қилинг. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вас…
  • “…сўралурсизлар”

    Аллоҳ таоло бизга жуда кўплаб неъматлар берган. Бу неъматлар шунчалар кўпки, уларни санаб …
  • Эгасидан берухсат олинган дарахтлар

    Cавол: Бир хонадонда бир нечта олма дарахтлари бор экан. Суриштириб билинса, бу дарахтлар …
Load More In МАҚОЛАЛАР