УЛАМОЛАРНИ ТАҲҚИРЛАШНИНГ ХАТАРЛИ ОҚИБАТЛАРИ

0
70

Ҳозирги кунда интернет тармоқлари орқали ҳар-хил кимсалар, айниқса бемазҳабликни тарғиб қилувчилар томонидан нафақат юртимиз уламолари, ҳатто мазҳаб асосчиси бўлган мужтаҳид зотларга нисбатан ҳам одобсиз иборалар ишлатилганига гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Шу масала борасида манбаларда келган маълумотлар билан танишиб чиқсак, ҳақиқатда ҳам “бир инсон бошқа мўъмин биродарини турли гаплар билан айблашга ҳаққи бормикан?” деган ҳақли савол туғилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики, икки сўкишган айтишар экан, (гуноҳи) бошлаганнинг зиммасида. Агар мазлум тажовуз қилмаган бўлса”, дедилар”.

Демак, бизнинг шариатимизда бировни сўкиш, унга қаттиқ гапириш мумкин эмас. Чунки у киши жавоб қайтарса, гуноҳ тенг бўлинади. Агар мазлум сўкишга сўкиш қайтармаса, гуноҳ батамом биринчи бошлаган кишига бўлар экан. Энди тасаввур қилиб кўрайлик, бу сўкилаётган одам дин пешвоси, уламо бўлсачи?

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Сизлар уламоларнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг! Агар улар сизнинг зарарингизга гувоҳлик беришса, сизларни дўзахга ағдариб юборишади. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло уларнинг қалблари ва кўзларига ҳақни кўрсатиб қўяди”, деганлар.

Ислом шариатида, хусусан, бизнинг ҳанфий мазҳабимиз фиқҳига кўра, бировни ҳақорат қилган ва сўккан одамга таъзир берилади, гарчи сўкувчи ва ҳақорат қилувчи ҳақ бўлса ҳам худди шундай! Акс ҳолда, инсонларнинг бир-бирларини айблаш ва ҳақорат қилишлари натижасида жамиятда поракандалик, халқ ўртасида ҳиқд-у ҳасад, одамлар ўртасида меҳр-оқибатнинг кўтарилиши, бир давлат аҳолисининг иттифоқи бузилиши, қўполдан қўпол одамлар оломони вужудга келади. Бир-бировни сўкиш ва ҳақорат қилиш оқибатида, айниқса, бир табақага мансуб, масалан, олим ва домлалар иттифоқига путур етади. Шунинг учун, тилини тия олмайдиганларга шариат нуқтаи назаридан ҳукумат одамлари таъзир бериб қўйишлари керак бўлади.

Шариатда бирор мўъминни, хусусан, бирор уламони ҳақорат қилган кимсага уч даррадан тортиб то ўттиз тўққиз даррагача уриш, ҳатто, тавбасига таянтириш мақсадида бир неча кун ҳибс қилиб қўйиш жазоси таъйинланган[1].
Бирорта олим илми ва илмий фаолияти учун шундай сўкилса, сўккан кимса куфридан тавба қилдирилади[2].

Шунинг учун катта олимлар сукут қилиб турган масалаларда илмсиз кишилар турли танқидий фикрларни айтавермасликлари лозим бўлади.

Уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, уларга нисбатан қалбда адоват, нафрат бўлишининг ўзиёқ кишининг мунофиқлигига далил экан. Шундай экан, Пайғамбарлар меросхўрлари бўлган уламоларни ҳақларида бошқалар томонидан айтилаётган турли нохолис фикрларга ўз мавқеимизда туриб юқоридаги ваъидларга тушиб қолмасликка ҳаракат қилмоғимиз лозим. Ўзининг севикли Пайғамбари меросхўрлари бўлган уламоларни севишни ва уларга муносиб ҳурмат кўрсатиш тавфиқини Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин! Омин!

 

 Манбалар асосида:

 “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ойбек Сотторов тайёрлади.

[1] “Мухтасар ал-Виқоя”.

[2] Шамсиддин ал-Қўҳистоний, “Жомеъ ар-румуз”. 324-б

  • ЧУМОЛИДАН ИБРАТ ОЛСАК БЎЛМАЙДИМИ? (1-қисм)

      حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ…
  • САЛИМ ҚАЛБ

    Бугунги кунимизда энг ноёб нарсалардан бири Қуръони Каримда келган салим қалбдир. Инсоннин…
  • ИЛМ ТАҚВОДОРЛАРГА БEРИЛАДИ.

    “Илм” – луғатда «идрок қилиш» маъносини билдиради. Истилоҳда эса нарсаларни воқеликда қанд…
Load More In МАҚОЛАЛАР