Умар розияллоху анҳунинг шижоати

0
691

Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу шундай ривоят килади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари пайтида Ҳишом ибн Ҳакимнинг Фурқон сурасини ўкиганини эшитган эдим. Унинг қироатига қулок тутсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ўргатмаган бошқа услубда ўқияпти. Шунда мен намозда ўтирган ҳолида унинг ёқасидан тутмоқчи бўлдим, аммо сабр қилиб намозини тугатиб олишини кутдим. У салом бериб, намоздан чиққач, ёқасидан тутиб: “Ҳозир мен эшитган қироатни сенга ким ўргатди?”, дедим. У бўлса: “Расулуллоҳнинг ўзлари ўргатганлар”, деб жавоб берди. Мен: “Ёлғон айтяпсан! Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга сен ўқигандан бошқача (қироат)ни ўргатганлар”, дедим-да уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва: “Мен мана бу киши Фурқон сурасини бошқача услубда ўқиганини эшитдим, Сиз бу сурани менга  бу шаклда ўргатмаган эдингиз”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қарата: “Уни ўз ҳолига қўй!”, дедилар. Сўнгра Ҳишомга: “Эй Ҳишом, ўқи!”, дедилар. Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен эшитган услубда қироат қилиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (сура) шундай нозил қилинган”, деб айтдилар. Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари ўргатганларидек қироат қилиб  бердим. (Тажвид китоби, 11-12  бетлар.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу (сура) шундай нозил қилинган. Дарҳакиҳат, Қуръон етти қироатда нозил қилинган. Бас, ундан қодир бўлганингизча ўқинг!”,  дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Юқорида Умар розияллоху анҳунинг шижоати, мункар ишларга каттик қарши туриши ва Исломни соф ҳолида сақлашга қилган  жидду жаҳди  яққол ифодаланмоқда. У киши Ҳишомнинг қироатини эшитиб, у Қуръонни нотўғри ўқияпти, деб бунинг олдини олмоқчи бўлган.

 

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Рахматулла.Умаров

Load More In ҚУРЪОН ИЛМЛАРИ