МАҚОЛАЛАР УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ 30 сентября, 2018 0 2,247 Муаллим деганда кўз ўнгимизда ўсиб келаётган ёш авлодга ўз билим ва тажрибаларини, кўз нури ва қалб ҳароратини, бутун борлиғини бахшида этувчи фидойи инсон тимсоли гавдаланади. Муаллим оламнинг машъласидир. Бу айни ҳақиқат. Бу фикрнинг ўзиёқ устоз ва мураббийларнинг жамият равнақидаги юксак салоҳиятидан нишонадир. Бу ёруғ оламда муаллим каби ўзлигидан кечиб, ўзгани камолга етказишга тайёр фидойи касб эгаси топилмаса керак. Тан олайлик, ҳеч бир кимса шогирдининг бахт-саодати ва толеидан устози каби хурсанд бўлмайди, қалби қувончга тўлмайди. Муаллим – бу шунчаки оддий инсон эмас, у илму ирфон, зиё, тафаккур ва ҳикматлар тимсоли. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Илм дунёда азизлик – охиратда эса шарафдир”, деб марҳамат қилганлар. Илм – маърифат, у жоҳилликнинг зидди. Устоз бор жойда жаҳолат бўлмайди, барча ёмонликлар йўли бекилади. Муаллимни улуғлаган юрт қуёши порлаган мамлакатдир. Юртимизда “1октябръ устоз ва мураббийлар куни” катта шодиёна билан нишонланади. Устозни ҳурмат қилиш сизу бизнинг бурчимиздир. Баъзи китобларда устознинг ҳаққи ота-онанинг ҳаққидан кейин туриши айтилган. Сабаби ота-онангиз сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлса, устозингиз, қадрли муаллимингиз сизга оқ-қорани ўргатган, сизни ўқиш, ёзиш ва фикрлашга ўргатган инсондир. Ҳикоя қилинишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс олганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда Бухорий устозларининг юртидан келганини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлар. Қаранг азизлар, қандай ибратли воқеа?! Демак, устоз узоқда бўлса ҳам ҳузурида тургандек ҳурмат бажо келтириш, уни доим эъзозлаш лозим экан. Илмнинг шарафланиши ҳақида бир мисол. Ҳазрат Навоий буюк «Хамса» асарини ёзиб, тугатганида султон Ҳусайн Бойқаро уни безатилган отга миндириб, ўзи уловнинг жиловидан етаклаб, Хирот кўчаларини айлантирган экан. Дарҳақиқат, бу айни тарихий ҳақиқатдир. Тарих бизларга катта ўрнакдир. Бизнинг доно халқимиз:«Устоз – отангдек улуғ», «Уста борида қўлингни тий, Устоз борида – тилингни», «Уста бўлсанг, устозингни унутма», «Устозингга тик қарасанг, тўзасан, Ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан», деб бежиз айтмаган. Дейдилар, дунёда асли ким Азиз, Айтдилар устоздир, устоз бегумон, Тағин айтдиларки, Азиз шубхасиз, Устозлар қадрига етолган инсон. “Ҳидоя” муаллифи, шайҳулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: “Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс жараёнида эдилар. Дарс асносида гоҳо, гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак талабалар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: “Меҳрбон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман” деб жавоб қилдилар. Агар ҳаёт зар бўлса, заргардир муаллим. Агар ҳаёт боғ бўлса, боғбондир муаллим. Агар ҳаёт карвон бўлса, сарбондир муаллим. Устоздан бошланади асли тафаккур, “Ҳақиқий таълим одамни одамийликка тайёрлашдир”,- деган экан буюклардан бири. Фарзандларимизни, миллат келажагини одамийликка тайёрлаётган, минг турфа машаққатларни шогирдларининг камолини кўриш истагида жавлон ураётган устоз ва мураббийларимиз бор бўлсин! Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки, ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Байрам баҳона азиз устозларимизни зиёрат қилиб, дуоларини олишни унутмайлик, азизлар. Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Муҳаммадюсуф Тўрақулов