МАҚОЛАЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛАТЛАРАРО БАҒРИ КЕНГЛИК 16 ноября, 2019 0 414 Бугунги кунда ер юзасида мавжуд бўлган икки юздан ортиқ давлатнинг аксарияти кўп миллатли (полиэтник) таркибга эга бўлиб, уларнинг ҳар бири муайян ўзига хослик билан ажралиб туради. Кўп миллатлилик Ўзбекистонга ҳам хосдир. Биз оилавий тотувлик, қўшнилараро тотувлик, қариндошлараро тотувлик нималигини жуда яхши биламиз. Миллатларо тотувлик эса миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларидан бири бўлиб, муаяйн ҳудуд, давлатда турли миллат вакилларининг тинчликда ҳамжиҳат яшаши, ҳамкорликда фаолият юритиши, ўзаро аҳил муносабатларда бўлишини англатади. Маълумотларга кўра, 1897 йилда мамлакатимизнинг ҳозирги ҳудудида 70 миллат ва элат вакиллари яшаган бўлса, 1926 йилда уларнинг сони 91 тага, 1959 йилда 113 тага, 1979 йилда 123 тага, 1989 йилда 136 тага етган. Турли миллат вакилларининг мавжудлиги мамлакатимиз ҳаётига ўзига хос ранг-баранглик бахш этмоқда. Ўзбекистонга этник гуруҳларнинг мамлакат бўйлаб тарқоқ яшашини ифодалайдиган кўп миллатлик билан бир қаторда, миллатлараро тотувлик ғояси устуворлигининг мамлакатимиз учун ҳам муҳим ҳаётий ахамиятга эга эканлигини кўрсатади. Ўзбекистон ўзи танлаган миллий сиёсат моделининг моҳиятини мустақиллигининг илк кунлариданоқ очиқ баён қилиб, тегишли ҳуқуқий замин ярата бошлаган эди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги Олий Кенгаш Баёнотида Ўзбекистон ўз худудида яшовчи барча халқларга тенг имкониятларни кафолатлаши, ирқчилик, шовинизим, миллатчиликка, халқларнинг ҳуқуқларни чеклаш йўлидаги ҳар қандай уринишларга қатъиян қарши чиқиши эълон қилинган эди. Бундай қоида 1991 йилнинг 31 августида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси Б.Абдулхаев