УЗОҚ УМР БЕР!!!

0
547

Умрим сабабчиси кўзларим нури,
Роббим бу кўзларга гўзал меҳр бер.
Қалбим ҳаловати, қалбим ҳузури,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Улар меҳрибоним, улар юрагим,
Уларсиз кимгадир борми керагим?
Қалбимнинг тубида ёлғиз тилагим,
Роббим ота-Онамга узоқ умр бер.

Болам деб эрта-кеч дуода бўлган,
Болам деб дуода кўзга ёш олган,
Болам деб қалбида ғам андуҳ тўлган,
Роббим ота-Онамга узоқ умр бер.

Фарзанд деб сочлари оқ, юзларида доғ,
Фарзанд деб қўллари бўлгандир қадоқ,
Кўрдими фарзанддан яхши бир ардоқ,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Бизни деб ёшлигин бергандир улар,
Бизни деб кўп азоб кўргандир улар,
Сендан ожиз банданг зор бўлиб сўрар,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Ардоғин қилайин, кўтарай бошга,
Кирсинлар юз эмас майли минг ёшга,
Айлантириб қўйма мени бир бағри тошга,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Имкон бер бе-миннат хизмат қилайин,
Улар деб не бўлсам майли бўлайин,
Насиб қил Байтинга олиб борайин,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Севинтирай Қуръон ҳофизи бўлиб,
Юрсинлар қалблари қувончга тўлиб,
Қолмасин йўлимга интизор бўлиб,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Кўнглим чўктирмагин қилмагин маҳзун,
Ярим қалбин бутун қилайин ўзим,
Мен уларни рози қилмоғим учун,
Роббим ота-онамга узоқ умр бер.

Билим юрти 1-курс талабаси
Латибжонов Муҳаммад Али

Load More In МАҚОЛАЛАР