Узоқ умр кечиришни хоҳлайсизми?

0
12

Инсон дунёга келибдики, узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришни, фаровон яшашни орзу қилади. Бу йўлда ўқийди, изланади, турли соҳаларда ишлайди. Шулар орқали орзу қилган ҳаёт тарзига эга бўламан, деб ўйлайди. Тўғри мазкур ишлар фаровон ҳаёт ва узоқ умрнинг сабабларидан ҳисобланса-да, етарли эмас. Бунинг учун инсон ҳаёти давомида баъзи ёмон иллатлардан сақланиши керак бўлади.

Аллоҳ таоло “Фалақ” сурасининг аввалида:
قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ ٱلْفَلَقِ
“Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман, деб айт”, — деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилди ва суранинг сўнгида ҳасад қилувчиларни зикр қилиб:
وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ
“Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт” — деб, сурани тугатди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Барча хатоларнинг келиб чиқиш ўрни учтадир. Улардан сақланинг ва эҳтиёт бўлинг!

Биринчиси, кибрдан сақланинглар! Чунки, Шайтонни Одам алайҳиссаломга сажда қилмасликка кибр мажбур қилган.

Иккинчиси, ҳирс (очкўзлик)дан сақланинглар! Одам алайҳиссаломни (таъқиқланган) дарахтдан тановвул қилишга ҳирс ундаган.

Учинчиси, ҳасаддан сақланинглар! Чунки, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бири иккинчисини ҳасад сабабидан қатл қилгандир”.
Имом Асмоий айтади: “Бир юз йигирма ёшга етган аъробийни кўриб, қандай қилиб узоқ умр кўрдингиз?” — дедим. У: “Асло ҳасад қилмадим ва узоқ умр кўрдим” – деди.

Ҳасадгўй инсон ёнингизда сизга ҳушомад қилади, йўқ бўлсангиз ғийбат қилади ва мусибатда койиб беради.

Ҳасадчидан омон қолишни хоҳласангиз, ишларингизни махфий қилинг! Сизга ҳасад қилувчининг, муҳаббатини қозонишни орзу қилманг! Чунки, у ҳеч қачон сизнинг яхшиликларингизни қабул қилмайди!

Аллоҳ таоло бизни ҳасад қилувчиландан қилмасин.

Рустамжон домла Маҳмудов
Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудири вазифасини бажарувчи

Load More In МАҚОЛАЛАР